Ортиқча тўланган нафақа пулидан давлат воз кечди

- Икки нафар боламга болалар нафақаси олар эдим, кейинчалик болалар нафақаси тўхтатиб қўйилди. Сабабини сўраб Пенсия жамғармасига борсам, техник сабаб билан нафақа ортиқча тўланганлиги аниқланиб, тўхтатилгани ва менга ортиқча тўлов қарздорлиги ёзиб қўйилганлигини маълум қилишди.
Эшитишимча, шу қарздорликдан давлат воз кечган экан, шу масалада аниқ маълумот беришингизни сўрайман.

Гулпошшо Абдуавазова,
Қўшработ тумани.

- 2022 йилнинг 29 апрелида “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармоннинг 4-бандида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашишининг олдини олиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 2022 йил 1 апрелга қадар нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун маълумотларнинг хато тақдим этилиши, киритилиши ва техник сабаблар туфайли фуқароларга ортиқча тўланган суммалар ҳисобдан чиқарилсин, деб кўрсатиб ўтилган.

Шундан келиб чиқиб, фуқаро Гулпошшо Абдуавазовага ортиқча тўланган деб ҳисобланган нафақалар ҳисобдан чиқарилди, яъни фуқаронинг қарзларидан Президентнинг ушбу Фармони билан воз кечилган.

Саволга Қўшработ тумани Пенсия жамғармаси бўлими малакали мутахассиси Акром Қаршибоев жавоб берди.