Ортиқча вазнни “кесиб” ташлаш мумкинми?
XXI асрнинг эпидемиясига айланган семизлик бугунги кунда нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам ўсиб бормоқда.
Семизлик бу фақат эстетик муаммо эмас, балки юрак-қон томир тизими, бўғимлар ва ҳатто онкологик касалликларга тўғридан-тўғри йўл очиб берувчи оғир тиббий ташхисдир. Диетологлар томонидан тайинланган мураккаб парҳезлар ва фитнес залларидаги кунлик машқлар кўпчилик учун керакли натижани бермаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Парҳез ва дори-дармонлар кутилган натижани бермаса, шифокорлар кўпинча бир ҳаётий қарорни – бариатрик операцияни тавсия этишади.
Айни шу нуқтада замонавий тиббиёт ягона усул – бариатрик жарроҳликни таклиф этади. Аммо бу “сўнгги чора” ҳақида қанчалар биламиз? У ҳамма учун бир хил даражада хавфсизми ёки бу фақат семизликка қарши курашнинг охирги имкониятими? Бироқ, бу қадар масъулиятли қарорга келишдан олдин ушбу операциянинг барча жиҳатларини чуқур ўрганиш зарур.
Жаҳон тиббиётида семизликни даволашнинг ўнлаб усуллари бор. Семизликка жиддий касалликлар (қандли диабет, гипертония) қўшилганда, кўпинча жарроҳлик аралашувидан бошқа чора қолмайди. Бариатрик операция ана шундай ҳолларда қўлланиладиган охирги чорадир. Инсон ошқозонида “очлик гормони” ишлаб чиқарилади. Бариатрик жарроҳлик ана шу гормонни ишлаб чиқарувчи ҳужайраларнинг катта қисмини олиб ташлаш орқали иштаҳани кескин пасайтиришга қаратилган. Бариатрик операция деб аталувчи жарроҳлик амалиёти орқали озиш мумкин.
Бу қандай операция?
· Жарроҳ ошқозоннинг катта қисми (тахминан 75 фоизгача)ни олиб ташлайди.
· Қолган қисми эса ингичка, банан шаклидаги найчага айлантирилади.
· Бу операция одатда лапораскопик (кичик тешиклар орқали) усулда бажарилади, бу тикланиш жараёнини тезлаштиради.
Бариатрик операция қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ошқозон ҳажми кескин камайгани сабабли бемор бир вақтда жуда оз миқдордаги овқат (тахминан 100-150 мл) билан тўйиш ҳиссини бошлайди. Бу истеъмол қилинадиган калория миқдорини камайтиради.
Олиб ташланадиган ошқозон қисмида грелин гормони ишлаб чиқарилади. Грелин “очлик гормони” сифатида танилган. Уни ишлаб чиқарувчи қисм олиб ташлангач, организмда грелин миқдори кескин камайиб, иштаҳа сезиларли даражада пасаяди. Яъни, бемор нафақат кам ейди, балки кўпроқ ейишни ҳам хоҳламайди.
Операциядан кейин қандай натижа кузатилади?
Операциядан кейинги 1-1,5 йил ичида ортиқча вазннинг 60-70 фоизини йўқотиш мумкин. Баъзи манбаларга кўра, бу кўрсаткич 80 фоизгача етиши мумкин.
Бу усул узоқ муддатли ва барқарор вазн йўқотиш самарасини беради.
Бариатрик операция кимларга тавсия этилади?
Бариатрик операция қуйидаги ҳолларда тавсия этилади:
· Семизлик ва семизликка алоқадор касалликлар (масалан, 2-тип қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари) мавжуд бўлган беморлар;
· Семизлик касаллигининг III ва IV даражасидаги беморлар;
· Парҳез, дори-дармон ёки жисмоний фаоллик каби бошқа усуллар билан узоқ муддатли натижага эриша олмаган инсонлар.
Операциядан сўнг қандай асоратлар келиб чиқиши мумкин?
1. Жароҳат соҳасидан қон кетиши мумкин;
2. Овқатни тез ейиш ёки ҳазми қийин бўлган овқатлар истеъмол қилиш натижасида қусиш келиб чиқиши мумкин;
3. Ошқозон ширасининг қизилўнғачга қайтиши кузатилади;
4. Ошқозон ҳажми кичрайгани сабабли, темир, витамин B12, кальций ва бошқа муҳим озуқа моддаларнинг етишмовчилиги юзага келиши мумкин;
5. Камқонлик (анемия) ривожланади;
6. Истеъмол қилинадиган суюқлик миқдорининг камайиши туфайли организм сувсизланади;
7. Қондаги шакар миқдорининг ҳаддан ташқари пасайиши келиб чиқади;
8. Тез вазн йўқотиш натижасида ўт пуфагида тошлар пайдо бўлиши мумкин;
9. Қорин деворидаги чандиқлар орқали ички аъзоларнинг бир қисми чиқиб чурра ҳосил қилиши келиб чиқади;
10. Жуда кўп вазн йўқотиш натижасида тери осилиб қолади;
11. Тез вазн йўқотиш ва озуқа моддалар етишмовчилиги туфайли соч тўкилиши ва терининг қуруқлашиши кузатилади;
12. Баъзи беморлар овқатланиш одатларини ўзгартирмаса, вазн қайта ортиши мумкин.
Бариатрик операция бу ортиқча вазн муаммосини ечишнинг бир марталик ягона чорасидир. Бу жарроҳлик амалиёти фақатгина тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганда ва бошқа усуллар (парҳез, дори-дармон) натижа бермаган ҳоллардагина сўнгги имконият сифатида кўриб чиқилади.
Операциядан кейинги ҳаёт тарзи, мунтазам шифокор назорати ва витаминларни умрбод истеъмол қилиш зарурати бу йўлнинг жиддийлигини кўрсатади. Жаҳон тиббиётида бариатрик операцияларнинг самарадорлиги 60-80 фоиз атрофида баҳоланмоқда. Ошқозон ҳажми камайиши ва “очлик гормони” грелин ишлаб чиқарилишининг пасайиши орқали организмда метаболик ўзгаришлар рўй беради, бу эса узоқ муддатли вазн йўқотишни таъминлайди. Шу билан бирга, ҳар қандай жарроҳлик амалиёти каби унинг ҳам ўз хавф-хатарлари, асоратлари мавжуд.
Тахмина Авазова,
Самарқанд давлат тиббиёт университети терапия, кардиология ва функционал диагностика кафедраси PhD ассистенти.