Осиё авиакомпаниялари ёқилғи нархининг ўсиши сабаб рейсларни қисқартирмоқда

Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари авиаташувчилари Яқин Шарқдаги можаро ортидан авиаёқилғи нархлари кескин ошгани сабаб оммавий равишда рейсларни бекор қила бошлади. Олдиндан чипталарни “брон” қилган йўловчиларга сафарлари бекор қилингани ҳақида хабарномалар юборилмоқда.

Flight Master рейсларни кузатиш платформаси маълумотига кўра, 1 апрелдан 12 апрелгача Сиань ва Чунцин каби Хитой шаҳарларини Таиланд ва Лаос билан боғловчи кўплаб рейслар бекор қилинган. Айрим йўналишларда, жумладан, Ухань—Сидней ва Гуанчжоу—Дарвин рейсларида бекор қилишлар даражаси 50 фоиздан ошган.

Cathay Pacific май–июнь ойларида парвозларнинг тахминан 2 фоизини тўхтатади. Бу аввало, минтақавий йўналишлар ҳамда Австралия, Жанубий Осиё ва Жанубий Африкага амалга ошириладиган айрим рейсларга таъсир қилади.

Air China Чэнду—Куала-Лумпур йўналишини июнь охиригача вақтинча тўхтатди. Шунингдек, Spring Airlines, China Eastern Airlines ва China Southern Airlines Жануби-Шарқий Осиёга айрим рейслар қисқартирилишини маълум қилди.

Авиакомпаниялар айниқса, узоқ масофали ва рентабел бўлмаган йўналишлардан, хусусан, иккинчи ва учинчи даражали шаҳарлардан амалга ошириладиган рейслардан воз кечмоқда.

Май байрамлари яқинлашиши фонида бу ҳолат авиачипталар нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин.