От тепкисин от кўтарар, туя эмас

Бугун таниқли шоир Маъруф Жалил таваллуд топган кун. У 1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарчасида туғилган.

«Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар», «Сени ўйлаб», «Нотаниш йўллар», «Қўшиқ иштиёқи», «Мен сув ичган дарёлар», «Паризодим», «Дарёни излар шамол», «Бахтимга сен борсан» каби шеърий китоблари, «Бунёдкор қалб», «Орол мадад сўрайди» очерк ва публицистик тўпламлари чоп этилган.

1999 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

Маъруф Жалил 2004 йил 14 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

***

МЕН ЙЎЛИНГГА КЎЗ ТУТАРМАН

Мен йўлингга кўз тутарман, сен кутарсан ўзгани,

Сенга содиқ дўст қани-ю, менга шаҳло кўз қани,

Мен садоқат истагайман, сен эса ширин калом,

Менга меҳри жон қани-ю, Сенга ширин сўз қани?

Менда бор юлдуз хаёли, сен-чи, шам парвонаси,

Сенга битта шам қани-ю, мен учун юлдуз қани?

Дилдаги пинҳон сиримни ҳаммага айтар шамол,

Сир тутувчи дўст қани-ю, сир олар жосус қани?

Шубҳалар вайронаси ичра, турарман хаста лол

Қўлда бир шамшир қани-ю, дилда бир фонус қани?!

* * *

Қани менинг севинчларим, ғамларим қани?

Занг босмаган қилич каби дамларим қани?

Зим-зиё қалб гўшасида дўстлар шам эди,

Бугун ёруғ қалб гўшаси, шамларим қани?

Мудом тўкис ҳаётимда бўлар бир камлик,

Айтинг, кемтик ҳаётимда камларим қани?

Гоҳ ҳижрон, гоҳ учрашувдан кўзлар бўлса нам,

Учрашув бор, ҳижрон бору намларим қани?

Белга боғлаб юрар эдим белбоғу ханжар,

Дўппим бошда, белбоғ билан ханжарим қани?

Маъруф, энди афсус қилма ўтган кунларга,

Дегил: «Қоши қора, сочи анбарим қани?»

* * *

Тушларимда сузаман Зарафшон дарёсида,

Ўнгимда-чи, куяман икки ўт аросида.

Бир кўзлари чўлпоннинг фироқида ўртаниб,

Истиқболни кўраман изтироб зиёсида.

Ул менинг ўйларимни англарми ё англамас,

Етиб борса на бўлгай рақибларим ижросида.

«Уйғот сарвинозимни, айтиб унга розимни»,

Хаёлимни йўллайман субҳидам сабосида.

Ҳаётимда юпанч йўқ, юрагимда ҳаловат,

Маъруф излар бахтини муҳаббат имлосида.


ТОПМАСАНГ НОМУ НИШОНИМНИ

Топмасанг ному нишонимни саодат боғида,

Тарк этиб ётган бўлурман мен унинг тупроғида.

Гар биров кўз ёши тўкиб чорласа шодликларин,

Билки, менман ашк бўлиб турган анинг ёноғида.

Сайраса боғингда булбул, сен анга дуч келмасанг,

Англағил, руҳим келиб йўкдар сени гоҳ-гоҳида.

Гар биров бахт изласаю, фитна тўсса йўлини,

Айт анга, мени чақирсин чорасизлик чоғида.

Ой, қуёш, юлдуз каби минг-минг умидим бор эди,

Сенга бахш этдим уларни, қолма ғафлат доғида.

Эй кўнгил, ёрингни уйғот, «толеинг эркингда» деб,

Бўлмаса Маъруф, кетар боринг зулм сиртмоғида.

СОТГАНИМ ЙЎҚ

Сотганим йўқ виждонимни, сотганим йўқ,

Дуч келганга таъна тошин отганим йўқ.

От тепкисин от кўтарар, туя эмас,

Шу сабаб мен туяга сўз қотганим йўқ.

Бирор зотнинг ёстиғини қуритмадим,

Йўқ, мен бундай гуноҳларга ботганим йўқ.

Ҳалол ишда кун кечирдим, ҳалол яшаб

Нопок дарахт мевасини тотганим йўқ.

Ёмон уруғ эккан бўлсам носоз ерга,

Зинҳор-зинҳор яхши ҳосил кутганим йўқ.

Нима бўлса толеимдан кўрдим, аммо

Эътиқодим, сени пулга сотганим йўқ.

Менинг битта Ватаним бор ер юзида,

Ундан гўзал Ватан излаб чопганим йўқ.