Ота-она ҳар бир инсон учун мўътабар
Ислом дини маърифатпарварлик ва юксак ахлоқий ғояларни илгари суриши билан ажралиб туради. Қуръони карим ва Ҳадиси шарифда илгари сурилган ахлоқий қарашлар инсон маънавий-ахлоқий тарбиясида энг таъсирчан ва самарали тарбия воситаси ҳисобланади.
Имом Бухорий бобомиз ҳам пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўплаб, уларни “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарларида жамлади.
Имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш "Саҳиҳи Бухорий" китоби Қуръони каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб, деб эътироф этилган. Муҳаддис мазкур ҳадис тўпламида алоҳида “Одоб китоби”ни тасниф этиб, унда одоб-ахлоққа оид ҳадисларни келтиради. Агар эътибор қилсак, Имом Бухорий бу китобни ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг хизматига доим ҳозиру нозир бўлишга ва ота-онанинг хизматини қилишнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадисларни келтиради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан сўрадилар: “Аллоҳ учун энг маҳбуб иш қайсидир?”. Пайғамбар алайҳиссалом: “Вақтида ўқилган намоз”. “Ундан сўнг қайси амал?”. Пайғамбаримиз “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар.
Бу Ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик қилиш, намоз ўқишдан сўнг энг афзал амал ҳисобланмоқда. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишидир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмоннинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.
Ота-онамиз фақат дунёга келишимизнинг сабабчиси бўлиб қолмай, балки охиратда Аллоҳнинг розилигини олишга имкон берувчилар ҳамдир. Бу эса сиз билан бизнинг хизматимизга боғлиқ экан. Халқимизда “Ота рози – Худо рози” деган мақол бор. Бу мақол айнан шу ҳадиснинг мазмунини англатади.
Шариатда ота-онанинг ғазабини келтириш энг катта гуноҳлардан бири ҳисобланиб, унинг даражаси уларга оқ бўлган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган. Ота-онага оқ бўлиш – ота-онага озор бериш, хафа қилиш ва буйруқларини бажармасликдан иборат. Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасини оч ўтириши ёки уларнинг дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши ёки уларни норози қиладиган ишлари фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади.
Шунингдек, Имом Бухорий ўз асарида чиройли хулқ ва гўзал муомала ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни ҳам келтириб, мўмин кишининг ҳаётида одоб-ахлоқнинг юқори ўринда туришини таъкидлайди: Расулуллоҳ алайҳиссалом “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшингиз – хулқи яхши бўлганингиздир!”, деб марҳамат қиладилар.
Инсон ахлоқини тубанлаштириб, жамиятда турли муаммолар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқарадиган, мўмин кишига хос бўлмаган сифатлар - бу ота-онани норизо қилиш ва ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик беришдир.
Ёлғон сўз ва ёлғончиликда жамиятнинг бузилиши, уни таназзулига сабаб бўлувчи омиллар шаклланади. Шунинг учун ёлғон сўз ва ёлғончилик шариатимиз томонидан қаттиқ қораланган иллатлардан биридир. Ҳатто пайғамбаримиз алайҳиссалом бошқа ҳадисларида: “Ёлғончилар менинг умматим эмас” деб, бундай ёмон сифатли кишиларни исломдан йироқда эканлигини айтганлар. Аммо жанжаллашиб қолган икки киши ёки эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон сўз ишлатишга ижозат берилган. Чунки бу ёлғон замирида шахсий манфаат эмас, балки жамиятнинг ислоҳи ётади.
Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўпламида ахлоқий масалалар билан бир қаторда ижтимоий масалалар ва уларнинг ечимлари баён қилинган муборак ҳадислар ҳам ўрин олган. Жумладан, ғийбат, чақимчилик, гап ташиш, ҳасад, аразлашиш каби салбий иллатлар ва савдо-сотиқ, закот, етимлар, қариндошлар, ёши улуғларни ҳурматлаш каби ўзаро муомали ечими баён қилинган.
Ҳар бир ота-она ўз фарзандларини одоб-ахлоқ руҳида тарбиялаб, саломлашишдан бошлаб, катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг насиҳатларига амал қилишга, тўғри сўз ва мулойим бўлишга, муҳтожлар дилига малҳам бўлиш таълимини бериши лозим. Фарзандларимизнинг энг яхши фазилатлар соҳиби бўлиб камол топишида Қуръони карим ва Ҳадиси шарифнинг ўрни беқиёс.
Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳадисшунослик бўлими бошлиғи.