Боласини яқинларига қолдириб кетаётган ота-оналар нима ютқазади?

Бугун ёшлар қалбида ёвузлик, ваҳшийлик қандай пайдо бўляпти, деган савол кўпчиликни ўйга толдиради. Кимдир болани интернет сайтлар бузяпти деса, яна кимдир ота-она қаровсиз қолдириб, чет элга кетгани сабаб, деб изоҳлаяпти. Аслини олганда икки ҳолат ҳам тўғри.

Ёшлар бугунги мавжуд имкониятлардан кўпинча нотўғри фойдаланяпти. Улар интернет материалларидан ҳар хил жангари фильм, ўйин, бузғунчи ғояларни тарғиб қиладиган сайтларни кўришни одат қилмоқда. Оқибатда бола қўрс, ишёқмас, бемеҳр бўлиб улғаяяпти.

Фарзанди келажаги учун, унга яхши шароит яратиш мақсадида хорижга кетаётган ота-оналар бир нарсани унутмоқда. Фарзандни тўкис ҳаёт ва бойлик билан тарбиялаб бўлмайди. Бола меҳр-муҳаббатга муҳтож. Ҳеч ким болага ота-она меҳрини беролмайди. Боласини яқинларига қолдириб кетаётган ота-оналар баъзида болани олиб қоладиган одам топилганидан хурсанд бўлади. Аммо у маънавиятли, маданиятлими? Бировнинг фарзанди учун жони ачийдими, бу тарафини ўйламайди. Тўғри, яхши едиради, кийдиради, қиммат телефон олиб беради. Aммо уни тўлиқ назорат қила оладими, шу томонларига аҳамият бермайди. Хўш, болани қандай тарбиялаш керак?

Бола онгига ёшлигиданоқ инсонпарварликка йўғрилган ғояларни адабиёт ва нафис санъат воситасида сингдириш лозим. Чунки боланинг онги шудгор қилинган, аммо ҳали ҳеч қандай уруғ сепилмаган тупроққа ўхшайди. Унга қандай уруғ сепсангиз шундай ҳосил етилади. Қалбини санъат, адабиётдаги эзгулик ва инсонпарварлик ғоялари банд қилган боланинг онгига ёвуз ғояларнинг кириши қийин бўлади. Бу фикрларни тажрибада синаб кўрган энг улуғ педагоглар қайта-қайта таъкидлаганлар.

Президентимиз бешта ташаббусни бекорга олға сурмаяпти. Бу ташаббус замирида улуғ ғоялар, ниятлар ётибди. Ёшлар онгига китоб ўқиш, санъат ва адабиётга, шеъриятга ихлос орқали эзгулик, ватанпарварлик ғояларини сингдириш лозим. Бола мактабга келганидан бошлаб эмас, балки она алласидан, бувижонлар эртакларидан уларни адабиётга ошно қилишимиз керак. Чунки санъат ва адабиёт ёвузлик кушандасидир. Санъатга ошно бўлган боланинг қалбида эзгу хислатлар бўлади. Бу асрлар давомида ҳаёт синовларидан ўтган ҳақиқат.

Гулнора ЭРМАТОВА,

Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.