Оталикни белгилаш ёки оталикка эътироз билдириш ҳуқуқи қандай амалга оширилади?
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки боланинг отасининг аризаси бўлмаса, оталик суд тартибида белгиланиши мумкин. Аслида оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.
Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.
Шунингдек, ота фарзандига нисбатан оталигига эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади. Боланинг отаси, деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақли.
Агар шу вақтга келиб, боланинг отаси деб ёзилган шахс вояга етмаган бўлса, бир йиллик муддат мазкур шахс ўн саккиз ёшга тўлган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
Судга оталикка эътироз билдириб даъво ариза киритилганда, суд иш ҳолатларига ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликни қўлланилиши тўғрисида”ги қарорининг 14-моддасига биноан, боланинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида ишда иштирок этувчи тарафнинг аризаси ёки ўз ташаббуси билан одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.
Яъни, Адлия вазирлиги Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертизаси маркази томонидан тақдим этилган биологик экспертиза хулосасига асосан суд фуқаролик иши бўйича асосли ва қонуний тўхтамга келади.
Иномжон АБСАЛОМОВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди катта мутахассиси.