Ўтган йилда Президентнинг 216 та долзарб топшириқлари бажарилмаган, 221 нафар раҳбарга чора кўрилган, 13 нафари истеъфога чиқарилган

Бош прокурор Отабек Муродов Олий Мажлис Сенатининг 19 ялпи мажлисида 2018 йилда Бош прокуратура ва прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида амалга оширилган ишлар борасида ҳисобот берди.

Бу ҳақда xs.uz хабар бераяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 31 январь куни прокуратура органлари ходимлари билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган устувор йўналишларидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди ҳамда прокурорлар фаолияти шу асосда ташкил қилинди.

Асосий эътибор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, шунингдек, ҳудудларга амалга оширилган ташрифларда белгилаб берилган топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилди.

Бунда, фаолият ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки уларнинг туб сабабларини аниқлаб, мавжуд тизимли камчиликларни бартараф этишга, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилди.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралиб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарорлари ҳамда долзарб топшириқлари ижросини таҳлил қилиб бориш бўйича Бош прокуратура ва Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи томонидан мавжуд ҳолатни жойларда ўрганиш амалиёти жорий қилинди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ўтказилган ўрганишларда 216 та долзарб аҳамиятдаги топшириқлар бажарилмаганлиги аниқланиб, аксарият муаммолар жойида ҳал қилинди.

Масалан, Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда транспорт хизмати сифатини ошириш мақсадида “Жиззах Иржар” темир йўлининг Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари бўйлаб пассажир поезди қатнови ташкил этилиб, мазкур йўналишда кунига 2 маротаба қатнов йўлга қўйилди.

Ёки, Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар доирасида ҳудудга қатор салоҳиятли инвесторлар жалб қилиниб, аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида Сайхунобод тумани марказида ўз ичига озиқ-овқат дўкони, мебеллар уйи, маиший техникалар дўкони, кинотеатр, болалар майдончаси, дорихона ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини олган 25 млрд. сўмлик замонавий мажмуа қурилиши ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, ўрганишлар давомида вазифалар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган 221 нафар мансабдор шахслар интизомий жазога тортилди, шу жумладан 13 нафар раҳбарлар лавозимидан озод қилинди, дея гапириб ўтди Муродов.