ОТМга кириш имтиёзи жамиятни табақаларга ажратиб, таълим сифатини пасайтириб юборади
«Барча инсонлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эгадирлар», дейилади Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида. Республикамизнинг Асосий қонунида ҳам «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга»лиги мустаҳкамлаб қўйилган. Давлатимиз ҳам албатта, бу борада кўп тадбирларни амалга оширмоқда, янги мактаблар, олий таълим муассасалари, чет давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари очилмоқда. Бу жараёнда жамоатчиликнинг диққатини қаратмоқчи бўлганимиз, бу талабаликка қабул босқичидаги тобора илдиз отаётган имтиёзлар масаласидир.
«Имтиёз – қонуннинг ашаддий душманидир», деган эди австриялик адиба Эбнер Эшенбаҳ (1837-1898). Бу жуда тўғри, ўз ўрнида айтилган фикр. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида Имтиёзга ортиқча ҳуқуқ, енгиллик, тафовут, фарқлаш, деб таъриф берилган. Юридик энциклопедияларда ҳам имтиёз – афзалликлар бериш, умумий қоидалар, мажбуриятларни бажаришдан қисман озод қилиш, деб Ўрта асрларда табақаларга бериладиган тегишли имтиёзларнинг жуда ривожланганлиги кўрсатилган.
Имтиёз – гўё икки учли таёққа ўхшайди. Чунки таёқнинг бир томонига қувват берилса, иккинчи томони заифланиши мумкин. Балки шундай имтиёзларнинг бўлиши ёмон эмасдир. Улар орқали жамиятимизнинг маълум қисми қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилиб турилар, пандемия шароитида бу тўғридир. Аммо олий таълим қабули тизимида имтиёзларнинг мавжуд бўлиши, жамиятни табақаларга ажратиб, таълим сифатини пасайтириб, олий таълим обрўсини тушириб юбормайдими?
Маълумки, ОТМларга қабул жараёнида дастлаб 16 имтиёз, «Темир дафтар»га киритиладиган оилалар фарзандларига ҳам жорий этилса 17 имтиёз, иқтисодий таъминланган оилаларнинг болалари эса 18 имтиёз, яъни орттирилган контракт, етишмаган билимини пул билан тўлдириш имтиёзлари (аслида буни ўзига хос «жарима» деб ҳам аташ мумкин) бор. Давлатимизнинг ўзи олий таълим тизимини энг коррупциялашган соҳалардан бири эканлигини таъкидлаб унга қарши курашиб турганида, бундай имтиёзларни жамиятнинг бир қисм аъзоларига ёйилиши фикримизча бир қанча салбий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.
Биринчидан, етук мутахасислар тайёрлаш ишига путур етказилади.
Иккинчидан, бу мамлакатимизда барча фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва имкониятларда тенглиги борасидаги қонун-қоидаларга зид. Чунки имтиёзлар қонуности актлари билан таъсис этилиб, жамият аъзоларининг бир қисмигагина ёйилмоқда.
Учинчидан, имтиёзга тушмаган фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлиб, улар ўзларини имконсиз, камситилгандек ҳис қилишлари туфайли, ғайриқонуний йўлларни ҳам ахтаришлари мумкин. Афсуски, бундай ҳолатлар ҳам юз бериб турибди.
Тўртинчидан, талабаликка танлов йўли билан қабул қилиш, эркин рақобат муҳитини йўққа чиқаради.
Бешинчидан, имтиёз бериши мумкин бўлган жараёнларда ҳам турли ҳуқуқий бузилишлар, айланиб ўтишлар юз бериши оқибатида, унга лойиқлар қолиб, лойиқ бўлмаганлар ҳам сазовор бўлишларидан жамоатчиликнинг хабари бор.
Ёки ҳарбий қисмлардан бериладиган тавсияномаларни олинг. Ахир Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Конституциямизнинг 52-моддасида «Фуқаролар белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар», деб мустаҳкамлаб қўйилган. Тавсияномаларнинг салбий оқибатларга ҳам олиб келаётганлиги ҳам оз эмас.
Узоққа бормасдан 2020-2021 йил қабулига мурожаат қилсак. Ҳарбий қисм тавсияси билан ўқишга кирувчилар ҳатто, хизмат қилмаганлар «хизмат қилган», деб тавсиянома олган бўлса, буёғига нима дейсиз?
Бу борада илгаригидек «балл имтиёзи» бермайдиган хизмат тавсияномаси бериш, ўқишга кирганга эса, иқтисодий имтиёзлар берилиши тарафдоримиз. Юқоридагилардан ташқари олий таълим тизимида ярим асрдан ошиқ тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, турли имтиёзлар орқали ОТМга қабул қилинган талабалар аксарият ҳолларда уни оқлай олмай ўқишга қийналади. Масалан, 2017-2018 ўқув йилида ҳарбий қисм тавсияномасини олиб, 286,2 балл тўплаган талаба Н. «Маънавият ва ҳуқуқ» ихтисослигига ўқишга кирган бўлса-да, биринчи курс фанларини бир ярим йил мобайнида қарздор бўлиб, базўр топширган.
Шундай имтиёзлардан яна бири чўл туманларида 3 йил яшаса, бериладиган имтиёзлардир. Агар шу тартибда фикримизни давом эттирсак, узоқ қишлоқлар, тоғ, тоғолди, чекка жойлардаги «томидан қамиш осилиб турган» мактабларни битирган, пахта монополиясидан, табиий офатлардан зарар кўрган туманларда ўқиган ўқишга кирувчиларга ҳам имтиёзлар берилса, адолатдан бўлмайдими?
ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда шаҳар ҳудудида яшовчиларнинг қишлоқдагиларга қараганда олий таълим олиш кўрсаткичи 2 баравар юқори.
Мана энди яна бир имтиёз жорий этилмоқда: 6 йил мобайнидаги етуклик аттестатига қўйилган баҳолар ҳисобга олинар экан, шунга яқин бир имтиёз собиқ шўролар даврида жорий қилиниб, кейинчалик бекор қилинган эди. Бу мактабларда билим бериш «беш олиш» пойга-марафонини туғдирмайдими? Агар ўқишга кирувчининг гувоҳномасидаги баҳолари ҳақиқий бўлса, у тестдан юқори баллни ўзи ҳам олиб чиқиши мумкинку?!
Шунингдек, фарзандларимиз имтиёзларда келтирилган шу қувонарли мувафақиятларни қўлга киритган бўлса, бу нур устига нур. Давлатимиз, томонидан бир марта яхши рағбатлантирилган ҳолда яна қайтадан «ўқишга кириш бали» билан тақдирлаш шартми?
Ахир отаси ҳарбий бўлмаганлиги - армия, божхона ёки ички ишларда ишлаганлиги, чӯл туманларида, Сўхда яшамаган бўлса, ўқишга кирувчи айбдор эмаску? Агар чет тилидан гувоҳномаси (сертификати) бӯлса, ёки математикадан жаҳон олимпиадаси совриндори бўлса ва ҳаказо… Бу ҳақиқий бўлса «Кириш бали бўйича имтиёз» нимага керак? У шундай ҳам барчани худди олимпиададагидек қойил қолдириб, ўрнак бўлиб, лозим бўлган бални олиб чиқиши керак-ку?! Бу борада чет эллардаги мисолларга мурожаат қилсак, АҚШда бир вақтлар «Қора танлилар олий ўқув юртларида камроқ бўлиб қолади. Уларнинг ўқишга киришларида имтиёзлар бериш керак», деб ҳисоблаб имтиёзлар жорий этилган экан. Аммо бироз вақт ўтгач, уларнинг таълим жараёнидаги фаоллиги сусайганини англагач, «Нима учун негрлар камситилмоқда», деб бу тизим бекор қилинган экан.
Илгари ва ҳозирда ҳам пахтакор бўлган қишлоқ ва туманларда тарбияланиб, қишлоқ мактабларини битирганларнинг пуллик, орттирилган шартномалар бўйича, олий таълим олиш учун ўқишга кириш имкониятлари йилдан-йилга пасайиб бораётганлиги ҳам кӯзга ташланмоқда. «25-30 ёшдагиларнинг атиги 3 фоизи олий маълумот олишга мувафақ бўлган бўлса, юқори даромадли уй хўжаликларида ушбу кўрсаткич 23 фоизни ташкил қилмоқда» (ЮНИСЕФ).
Юқоридагиларга асосланиб, олий таълим тизимидаги эллик йиллик ўқитувчилик тажрибаларига суянган ҳолда, асосан ўқишга кирувчилар учун қуйидагиларга имтиёзлар бериш билан чегараланиш лозим, деб ҳисоблаймиз:
- ОТМга ўқишга кириш учун балл ва иқтисодий имтиёзлар I, II гуруҳ ногиронларига;
- Ота-оналари жамият, халқ, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, фавқулодда ҳолатлар, табиий офатларнинг олдини олишда ҳалок бўлган кишиларнинг фарзандларига давлат гранти имтиёзи берилиши;
- Давлат мукофотларини олган («Зулфия», «Ниҳол» каби) халқаро, республика фан, спорт олимпиадаларининг ғолиби бўлган ОТМга кирувчилар ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Агар ҳақиқатдан шунга лойиқ бўлган бўлса, давлат тестидан ҳам юқори балл олиб уни оқлай оладилар.
Рим ҳуқуқида шундай қоида бор «Ёлғон ҳукмлар кўп бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқат битта». Бу ўриндаги ҳақиқат ўз билимини исбот қилишидир. Ана шундай иқтидорли, имтиёз олиши назарда тутилган ёшларимизнинг иқтисодий жиҳатдангина (шартнома, стипендия масалаларида) қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ.
- Кириш тест саволлари энг аввало, мактабларда ўқитиладиган дастурлар доирасидан, мавзулардан четга чиқмасдан, мураккаблаштирилмасдан, соддароқ, тушунарли қилиб ишлаб чиқилиши лозим. Чунки профессор О.Мадаевнинг: «Тестни фарзанди йўқ одам тузган, шекилли», деб берган салбий баҳоси ҳам унутилгани йўқ. Умуман, тест ўрнига ёзма имтиҳонлар: баён, иншо, масала ечишларни жорий этишни ҳам ўйлаб кўришимиз лозим. Олий таълим олиш учун тайёрланиб, ҳаракат қилган киши албатта, ўз мақсадига эришади. Бунинг учун ўзгаларнинг ҳуқуқини бузиш шарт эмас, ОТМга қабул жараёнидаги имтиёзларнинг кўпи асосий қонунимиз ва мавжуд жорий қонунларга зид.
Зиёдулла МУҚИМОВ,
профессор, олий таълим фахрийси.