Ойда Ернинг кучидан ҳам ошиб кетадиган магнит майдони бўлган(ми?)

Замон яралибдики, Ой одамзод онгини ҳаяжонга келтириб келмоқда. Бугунги тараққиёт даврида ҳам интернетда Ой тўғрисида кўплаб ғалати ҳодисаларни топиш мумкин. Чиндан, улар олимлар ҳали изоҳлай олмайдиган ғалати аномалиялардан тортиб, фантастик фитна назарияларгача турланади.

Сўнгги бир неча йил ичида Ой томонидан Қуёшнинг бир неча марта тўлиқ тутилиши содир бўлган. Бу каби ҳодисаларнинг одамлар томонидан кузатилиши мумкин бўлганининг ўзи ҳақиқий мўъжиза. Ой тутилишини сайёрамиз юзасидан туриб тўлиқ кузатиш имконини берадиган ягона сунъий йўлдош эканлиги азалдан маълум. Ойнинг ўлчов катталиги эса Ернинг тўртдан бир қисмига тенг.

Бугун сайёрамизнинг сунъий йўлдоши ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишамиз:

- Ойнинг ўртача диаметри 3475 километрни ташкил этади. У Қуёш тизимидаги энг катта сунъий йўлдошлар рўйхатидаги Ганимед, Титан, Каллисто ва Ио йўлдошларидан сўнг бешинчи ўринни эгаллайди.

- Ойнинг массаси Ер массасига қараганда 81 марта, ҳажми эса деярли 50 баравар кичик.

- Ой сатҳининг майдони 58 миллион квадрат километрни ташкил қилади. Бу Африка майдонидан салгина кўп, Осиё майдонидан эса камроқдир.

- Ойдан олинган намуналарнинг радиоизотоп таҳлилига кўра, унинг Тихо номли кратери ўзининг таниқли нурланиш тизими билан 108 миллион йил олдин, Ерда динозаврлар ҳукмронлик қилган пайтда шаклланган.

- Ой бизга жуда ёрқин танадек туюлади. Аслида сиртининг акс этиши (альбедо) атиги 13 фоизни ташкил этади. Бу Ернинг альбедосига қараганда деярли уч баравар кам. Шу сабаб уларнинг биргаликдаги фотосуратларида Ойнинг равшанлиги кўпинча атайлаб кўпайтирилади.

- Ойнинг бизга кўринадиган томонининг 40 фоизидан ортиғини денгизлар эгаллайди, унинг қорайган паст текислик зоналари қотиб қолган лава қатламлари билан қопланган.

- Ойнинг орқа томони кўринадиган томонидан сезиларли даражада фарқ қилади. Ўртача у баландроқ, энг катта кратерларининг аксарияти унинг устида жойлашган бўлиб, айни пайтда у ерда фақат иккита денгиз мавжуд.

- ҳозирда ойда магнит майдони йўқ. Бироқ Ой тупроғининг намуналари таҳлили узоқ ўтмишда унинг ўзига хос, ҳатто, Ернинг кучидан ҳам ошиб кетадиган магнит майдони бўлганлигини кўрсатди.

- Ой атрофини айланиб учган биринчи тирик мавжудотлар 1968 йил 15 сентябрда учирилган собиқ иттифоқининг “Зонд-5” космик кемасидаги Ўрта Осиё дашт тошбақалари бўлган. Уларга мева чивинлари, қўнғизлар, турли хил ўсимликлар, уруғ ва микроорганизмлар ҳамроҳлик қилган. Ўша йили 21 сентябрь куни космик кеманинг тушириладиган воситаси Ҳинд океанида муваффақиятли қўнди.

- Шу пайтгача фақат 12 киши ой юзига қадам босган. Табиий  йўлдошимизга уюштирилган экспедицияларда 24 нафар астронавт қатнашган.

- Ой сайёрамиздан йилига тахминан 3,8 сантиметр тезликда узоқлашмоқда. Тахминан 600 миллион йил ўтгач, унинг осмондаги кўриб бўладиган катталик даражаси шунчалик камаядики, Ердан туриб тўлиқ Қуёш тутилишини кузатишнинг иложи бўлмайди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.