Ўз гулига эга болалар
Мана, неча йиллардан бери Халқаро болалар кунида Ориф Гулханий уй-музейи жамоаси томонидан ажойиб анъана йўлга қўйилган. Яъни, бу куни таълим даргоҳларига “Самарқандни гулга буркайлик! 1+10” акцияси доирасида уй-музейда парваришланаётган гуллар ва гул уруғлари тарқатилади.
Мақсад болажонларни табиатга ошуфта этиш, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етишига ҳисса қўшиш.
- Гулларни парваришлаган боладан ёмонлик йироқ юради, - дейди Ориф Гулханий уй-музейи директори Муқимжон Орипов. – Улар ўз таълим даргоҳларида жажжи ниҳолларга нафақат ғамхўрлик қилади, балки кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам яқин кўмакчига айланади. Улар қалбида табиатга бўлган меҳр уйғонади. Атрофни тоза тутиш, ободонлаштириш каби эзгу фазилатларимиз шаклланади. Жорий йил ҳам Каттақўрғон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли таълим даргоҳларига 36 хилдаги 2082 дона тувакларда парвариш этиладиган гуллар ҳамда 16 хил 31 минг 775 дона гул уруғлари кўпайтириш учун тарқатилди.
Шу билан бирга музейда парваришланаётган ноёб гуллар вилоятимизнинг турли худудларига тарқатилади. Гулларнинг нафис ифоридан инсонлар баҳра олади.
Гул кўчатлари ва уруғларини олган каттақўрғонлик таълим муассасалари ходимлари уларни экиш ва парвариш қилишга киришдилар.