Самарқандни гуллар шаҳрига айлантириш учун нималар қилиняпти?

Бугун Самарқанд шаҳрининг қайси кўчасидан ўтманг, қайси гўшасига борманг, албатта кўзингиз яшилликка, кўкаламзор ва гул-у гулзорга тушади. Шаҳарнинг Ибн Сино, Даҳбед, Мирзо Улуғбек, Амир Темур номли марказий кўчаларида, шунингдек, маҳаллаларда ташкил этилган гулзорларни кўриб қалбингиз қувончга тўлади.

- Кўчаларимиздаги яшнаб турган гулзорлар маҳаллий ва хориж тажрибалари, замонавий ландшафт архитектураси асосида амалга оширилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юнус Бобоназаров. - Кўкаламзорларда юртимиз табиий иқлими ва шароитларига мос гул ва гул буталари, манзарали дарахт кўчатлари экилиб, боғ ва гулзорлар яратилмоқда. Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 5 миллионга яқин ранг-баранг гуллар парваришланмоқда. Шаҳримизнинг энг гавжум жамоатчилик марказлари ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган хиёбонлар, пиёдалар йўлаклари, кўча ва йўллар ёқаларида 100 га яқин гулзорлар ташкил этилди. Қатор йиллардан буён Тошкентнинг «Баҳор гуллари» МЧЖ хизматидан фойдаланиб, ўнлаб турдаги ўстирилган гуллар экиларди. Энди ўзимиз  гул етиштириб, парваришни ўрганиб олдик. 

Бошқарманинг Кимёгарлар қўрғонида жойлашган иссиқхонасида бир мавсумда 2,5 миллион тупдан зиёд мавсумий ва кўп йиллик гул кўчатлари ўстирилмоқда. Шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Чўпонота тепаликларидаги қўшимча 50 сотих ер майдонида қурилган иссиқхонада ҳам 1 миллион тупга яқин хориждан келтирилган ноёб гул уруғларидан кўчат етиштирилмоқда. Иссиқхоналарда тажриба тариқасида 100 минг тупга яқин геран, салбия, петуния, катарантус каби 21 турдан зиёд кўп йиллик гул буталари ва манзарали дарахтлар кўпайтирилмоқда. Шунингдек, гулчилик билан шуғулланувчи ўнлаб тадбиркорлар ҳам ўз томорқаларида турли анвойи гуллар парваришлаб, гулзорлар яратишда ўз ҳиссаларини қўшмоқда. 

Замонавий гулчилик ривожланган Нидерландия, Италия, Португалия, Германия, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларидан тажриба тариқасида юзлаб турдаги гул буталари олиб келинган.   

 

  - Яқинда Хитой давлатига бориб, экология, ободонлаштириш, замонавий ландшафт архитектураси билан боғлиқ масалаларни ўрганиб қайтдик, - дейди Юнус Бобоназаров. – Уларда биздагидек, кўкаламзорлаштириш ва мавсумий гулларга нисбатан кўпроқ кўп йиллик гул буталари ва манзарали дарахтлар экишга аҳамият берилар экан. Чунки улар тез-тез ўрилиб турилади, кунига сув талаб қиладиган майсаларга нисбатан ўзидан кўпроқ кислород ажралиб чиқаради. Сув кам талаб қилиб, узоқ йиллар яшиллигини сақлаб қолади. Бошқармамиз агрономлари билан келишган ҳолда бир йиллик гул ва майсалар ўрнига кўпроқ гул буталари ва манзарали дарахт кўчатлари экишга ҳаракат қиляпмиз.

Бошқарманинг 3 нафар агроном ва дизайнер-мутахассислари яқинда Наманган шаҳрида бўлиб ўтган "Гуллар фестивали"да қатнашиб, уларнинг гул тештиришдаги тажрибаларини ўрганишди.  

Дунёнинг кўплаб давлатларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари асосан махсус техникаларда бажарилади. Бироқ бизда кўча ва йўлларни тозалаш, чиқинди саралаш, ташиш, ариқ ва зовурларни ковлаш каби юмушлар қўлда амалга оширилади. Дарахтларни кўчириш, лоток ариқларни тозаловчи, боғ қатор ораларини ағдарувчи мини-тракторлар етишмайди. Чунки бошқарма ходимлари кунига шаҳар бўйлаб 68 километр масофада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишади.   

Самарқанд шаҳрининг ободонлаштириш ишларини ўз вақтида ва тезкорлик билан амалга ошириш учун географик жойлашувидан келиб чиқиб, Сиёб, Қорасув, Боғишамол, Темирйўл ҳамда Боғибаланд ҳудудларига ажратиб олинган. Уларнинг ҳар бирида биттадан агроном ва 10 нафарга яқин ишчилар бўлиб, ҳар бир бригада ўз ҳудудидаги ободончилик ишларини таъминлаб келади.

Шаҳар ҳудудини 76 километр канал ва коллекторлар кесиб ўтади. Уларни тозалаш, ариқ бўйларида қурилган пиёдалар йўлаклари, гулзор ва манзарали дарахтлар, ўриндиқ ва болалар майдончаларини асраб-авайлаш ҳам ободонлаштириш ишчилари зиммасига юклатилган.   

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (видео).