Озарбайжон ва Арманистон чегарасида янги тўқнашувлар бошланди
Арманистон Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, кеча маҳаллий вақт билан тахминан соат 16:00да Арманистон ҳудуди, Озарбайжоннинг Лочин шаҳридан унча узоқ бўлмаган Тех қишлоғи ҳудудида арман ҳарбийлари ўққа тутилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича эса, Озарбайжон қўшинларининг Лочин яқинидаги позициялари Арманистон томонидан ўққа тутилган.
Арманистон ҳам, Озарбайжон ҳам қурбонлар ва ярадорлар борлигини маълум қилган.
Тех қишлоғи Лочиндан тўққиз километр узоқликда, тўғри чизиқда жойлашган. Россия, Озарбайжон ва Арманистон имзолаган 2020 йилнинг ноябрь ойидаги келишувга биноан у ерга тинчликпарвар кучлар олиб келинган. Улар Қорабоғ ҳудудининг арманлар яшайдиган қисмини назорат қилади. Аввалроқ Қорабоғ йўлидаги Лочин шаҳри Арманистон томонидан ишғол қилинган, бироқ 2020 йил кузида Озарбайжон 44 кунлик урушда ғалаба қозонгач, келишувга кўра қайтариб берилган эди.
Ўшандан бери томонлар турли йиллардаги совет хариталаридан фойдаланиб, ўртадаги чегара қаердан ўтишини келишиб олишга ҳаракат қилади. 30 йилдан ортиқ давом этган ҳарбий можаролар давомида бу ҳудудлар чегаралаши бошланмаган.
Ҳарбий устунликка эга бўлган Озарбайжон томони бир неча бор Арманистон ҳудудини эгаллаб олишга уринишда айбланган. Шундай қилиб, 2021 йилнинг май ойида, афтидан, Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон ичкарисига бир неча километрга ўтган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса чегарада охирги урушдан кейинги энг йирик тўқнашувлар содир бўлиб, икки томондан ўнлаб одамлар қурбон бўлган эди.
Тех қишлоғи аҳолисининг Азатутюн радиосига айтишича, озарбайжонлар икки ҳафтадан бери қишлоққа тегишли ҳудудда қолиб, у ерда муҳандислик ишларини олиб бормоқда.
Бу ҳудуд ҳар икки томон чегарачилари учун муаммоли бўлиб қолган. Бир ҳафта олдин Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тех қишлоғидаги вазиятга тўхталар экан, маълум ҳудудларда аллақачон чегарачиларни жойлаштириш пунктлари белгилангани айтган. Ўшанда у вазият қисман яхшиланганини билдирганди.