Ўзбек тили - давлатимиз фахри, миллатимиз ғурури

Инсон қалбига жамики эзгу фазилатлар, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Тил - инсоният учун энг катта бойлик ва буюк мўъжиза.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб тил бойлиги – эл бойлиги дейишади. Тилни асраб-авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади.

21 октябрнинг Ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланиши давлат тилимиз тараққиётига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Кейинги йилларда ўзбек тилини янада ривожлантириш, жаҳонга танитиш, бу тилда ёзилган нодир асарларни хорижий тилларга ўгириш, шу билан бирга, хорижий мутахассисларнинг ўзбек тилини чуқур ўрганишлари учун олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгайди. Сўнгги икки йил давомида бу сана кичик залларда номигагина ўтказиладиган ҳисобот шаклидаги тадбир эмас, балки том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Президентимизнинг яқинда БМТ минбарида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаши нафақат Ўзбекистондаги юртдошларимиз, балки бутун жаҳондаги ўзбек тилида сўзлашувчи инсонларга чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлади. Том маънода Ўзбекистоннинг мустақил давлат эканлиги, унинг тили давлат рамзлари каби азиз ва мукаррам эканлиги ўз ифодасини топди.

Бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу рақамлар она тилимизнинг умрбоқийлигини мустаҳкамловчи омиллардан биридир. Республикамизда таълимнинг умумий мақсади негизида мустақил ижодий фикрловчи ҳамда юксак маънавиятли шахсни тарбиялаш ғояси ётади.

Октябрь ойида республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёт фани ойлиги ўтказилиб, ўқувчи-ёшлар қалбига она тилимизнинг гўзаллиги яна бир бор сингдирилади. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчилар ўртасида диктант, ижодий баён ва иншолар танловлари, шеърият кечалари, таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик кечалари ташкил этилмоқда. Фан ойлиги давомида ҳар бир ўқитувчи ўз устида мустақил ишлайди, изланади, фанга оид янгиликлар билан танишиб, янги услублардан фойдаланган ҳолда, дарс ўтишга ҳаракат қилади. Бу эса, таълим сифатини оширувчи асосий омиллардан биридир.

Ғайрат БОБОХОЛОВ,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.