Ўзбек уруғлари: Найманлар ҳақида нималарни биласиз?
Машҳур олим А.Гребенкиннинг XIX асрнинг 70-йилларида ёзган маълумотларига кўра, Зарафшон воҳаси атрофида ўзбек найманлари яшайдиган 63 та қишлоқ бўлган. Шунингдек, улар Фарғона водийси ва Хоразмда ҳам кенг тарқалган. 1920-1924 йилларда аҳоли таркибий қисми ўрганилганда, Ўзбекистонда найманлар 53 минг кишини ташкил қилган.
Олимлар найманларни уч гуруҳга бўлишган: ўзбек найманлари, қозоқ найманлари, қирғиз найманлари.
Ўзбек найманлари XIX аср охирида 3 та йирик уруғга бўлинади. Булар – Қўштамғали, Садирбек, Увоқтамғали. Найманларда бошқа уруғ бўлинишлари ҳам бўлган: ағрон, айрончи, бадир, бия, боғонали, болтали, бўқалай, бурунсо, жағолбайли, жостовон, жилонжи, жумолоқ, олти ота, олти ўғил, оқ тўнли, пўлатчи, сагиз урув, сари найман, тўрт ул, тўрт тамғали, ургуч, украш, чанголи, гўмичли, қозойоқли, қора найман, қора гадой, қора сирак, қорғоли, қилтамғали ва бошқалар.
Қозоқ найманлари ҳозирги Семипалатинск вилояти Иртиш дарёси бўйларида, Еттисув, Акмолинск вилоятларида, Сирдарё атрофларида яшаб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар.
Улар терстамғали ёки кетабука, сори жўмарт ёки эргенекти, толегеной, эл ота, келбука, болтали, бағонали, сугурши, кўк жарли, қаратай, бура, коракрей, матай, садил, тўрт ул ва бошқаларга бўлинади.
Қирғиз найманлари боғиш қабиласи таркибида бўлиб, чайқас, баястан, ирай, бекбото, сарибой, жоосан, саримсоқ, тайгу, садирбой, бешкемпир ва бошқа уруғларга бўлиниб кетади.
Ўзбек ва қозоқ халқлари таркибида найманлар уруғининг номларида ўхшашликлар бор. Бундан хулоса шуки, найманларнинг барча гуруҳлари жуда қадимда бир бўлган.
Найманларнинг келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Баъзи олимлар - И.Березин, В.Бартольд, Б.Всатимирсевлар найманларнинг энтогенезини мўғуллар билан боғлайди. Улар найман сўзининг этимологиясини беришда мўғулча “саккиз қабила” атамасини ўз фикрларига далил қилиб кўрсатадилар.
Иккинчи гуруҳ олимлар - Н.Аристов, Х.Ховорст, С.Аманжоловлар найманларни турк деб ҳисоблайди. Шарқ қўлёзмаларида, Ўрхун ёзувларида “саккиз ўғуз” қабила иттифоқи тилга олинган. Киданлар томонидан саккиз ўғузлар тобе этилган. Мўғул бўлмаган, аввалдан саккиз ўғуз деб аталувчи қабила бирлигини киданлар найман деб аташган. Демак, найманлар қабиласи номини киданлар қўйган. Демак, найманлар қадимий туркий халқлардан бўлган.
VIII аср ўрталарида найманларда чорвачилик, деҳқончилик ривожланиб, улар Ўрхун Қора Иртиш дарёси атрофини эгаллаган. Кейинчалик улар ерларини кенгайтириб, Ҳангай ва Олтойгача бўлган ерларга эгалик қилган.
Улар шарқдан керайитлар, шимолда қирғизлар, ғарбда қанғлилар, жанубда уйғурлар билан қўшни бўлишган. Найманларнинг энг кучайган даври XII асрга тўғри келади. Марказий Осиёда ўз ҳукмронлигини ўрнатишади. Найманлар давлати XII аср бошигача, мўғуллар босиб олгунча мавжуд бўлган.
Найманларнинг иккинчи номи юқорида тилга олингандек “саккиз ўғиз” деб аталган. 1143 йилда уларнинг бош кенти Қайлоқ шаҳри бўлган. Улар давлатининг илк ҳоқони Инонч Билакабурғахон бўлади. Билакабурғахоннинг Таянхон ва Бўйруқхон исмли икки ўғли бўлган. Таянхоннинг олти ўғли бўлиб, давлатининг пойтахти Жорше-Наур деган Қорақурдига яқин жойда жойлашган. XII аср охирида Чингизхон бошлиқ мўғуллар найманлар давлатига ҳужум бошлаганлар. Уруш тахминан 20 йил давом этгани туфайли найманларнинг анча қисми қирилиб кетган. Таянхон бор қуввати, шижоати билан бутун бир қабилани эргаштирган.
1204 йилда катта урушда Таянхон ҳалок бўлади.
Мўғул империяси таркибига кирган мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жуда орқада қолишига сабабчи бўлган. Мўғуллар қаттиқ интизомли, яхши қуролланган, ўзининг жанговар сифатлари билан найман қўшинларидан устун эди.
Найманларнинг енгилишига ички низолар ҳам сабаб бўлган. Найманларнинг бир қисми мўғулларга бўйсунган. Иртиш дарёси атрофида яшаган, бўйсунмас найманлар Балхаш кўли атрофидаги чўлларда, Сирдарё, Иртиш дарёлари бўйларида, Улуғтоғ этакларида яшаган.
Афғонистоннинг Балх вилоятида ҳам найманлар яшаган. Улар кейинчалик Хоразм ва Мовароуннаҳрга келиб ўтроқлашган.
Қозоғистон чўлларидаги найманлар ўзбек уруғларига қўшилиб кетган. Ўзбекларнинг уруғлари баъзи манбаларда 96 та, баъзиларида 92 тага ажратилган. Ўзбекларнинг 92 уруғи ҳақидаги манбаларда найманлар рўйхатда ўнинчи-ўн биринчи ўринни эгаллаган.
Улар Амир Темур саройида обрў-эътибор қозонган, ҳарбий-сиёсий тадбирларда бевосита иштирок этган. Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон саройида ҳам найманлар жиддий лавозимга тайинланган.
Аштархонийлар ҳукмдори Нодир Муҳаммадхон даврида саройда ўтказилган баъзи машваратларда тартиб-қоидаларга мувофиқ, юқори ўринларни найман ҳамда қўнғирот қабилалари оқсоқоллари эгаллаган.
XII асрда найманлар асосан Жаршил-Наур шаҳарчасида яшаган. Аҳолиси гавжумлашгач, ички ва ташқи савдоси ривож топган, қишлоқ хўжалигига бўлган талаб ошиб борган. Ҳар бир ер эгаларининг 30 тадан ҳатто 100 тагача махсус аскар йигити бўлган.
Найманлар ҳукмрон бўлган даврда карвон йўллари, работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар, боғу бўстонлар барпо этилган.
Ургут туманида жойлашган Оқрач қишлоғи ўзбек ва қозоқ найманларининг зиёратгоҳига айланганлиги сабаб уларнинг асотирларида келтирилган умумий аждодларининг қабри жойлашган. 2012 йил ўзбек ва қозоқ найманлари ҳамжиҳатликда қабр устига ёдгорлик ўрнатишган.
2003 йилдан буён ҳар йили куз фаслининг сентябрь ойи охирги ўн кунлигида Қозоғистон найманлари фикр алмашиш, дилдан суҳбат қилиш, уруғнинг асосчисини хотирлаш учун Қизил Ўрда вилояти Янгиқўрғон тумани Абдуғаппор овули томон йўл олади. Найман ота қабри айнан шу овулда жойлашган.
Ҳозирги пайтда найманларнинг асосий қисми Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом, Ургут, Пайариқ, Оқдарё, Каттақўрғон, Нарпай, Иштихон, Пахтачи, Қўшработ, Нуробод, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида, Жиззах вилоятининг Зомин, Фориш, Пахтакор туманларида истиқомат қилади. Шунингдек, Россия, Монголия, Хитойнинг Шинжон уйғур округи, ички Мўғулистон автоном туманида миллионлаб найманлар умргузаронлик қилмоқда.
Абдухолиқ Бобомуродов,
Жиззах вилояти Фориш тумани,
халқ таълими аълочиси.