Ўзбек-Хитой вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш нима сабабдан 1 ҳафта муддатга тўхтатилди?

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда жорий йил 9 августдан бошлаб мамлакатимизда ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш 1 ҳафта муддатга вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков баёнот берди.

«Дунё ҳамжамиятида вакциналарга эҳтиёж кескин ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам ҳар куни 350-400 минг одам эмланяпти.

Эмлаш тадбирлари орқали касалликни бошқариш мумкин. Қачонки вакцинациядан кейин 50 фоиздан кўпроқ одамда иммунитет пайдо бўлса, яъни иммуногенлик 50 фоиздан юқори бўлса, у самарадор ҳисобланади. Ҳозир бизлар ишлатаётган вакциналарнинг биринчи дозаси биланоқ биз шу самарадорликка эришяпмиз.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг иккинчи дозасини олиши керак бўлганларнинг 50 фоизи, учинчи дозани олиши керак бўлганларнинг 70 фоизи ўз вақтида навбатдаги вакцинани олишга келмаяпти. Агар биз уларнинг навбатдаги дозани олиши учун вакциналарни сақлаб тураверсак, вақтдан ютқазамиз.

Шу боис аҳолининг катта қисмида қисман бўлса-да иммунитет шакллантириш учун мавжуд вакциналарни фақатгина биринчи дозани олувчилар учун қўллашга қарор қилдик. Биз шу орқали касалликка қарши қисман иммунитет шакллантиришимиз ва касаллик юққан тақдирда, енгил ўтиши учун замин яратган бўламиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакциналар етказиб беришда муаммолар бўлса, вакциналар орасидаги белгиланган муддатни 12 ҳафтага узайтириш мумкинлигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, ушбу ташкилот гибрид вакциналар ҳақида ҳам бош қотирмоқда. Бу — агар бирор вакцина билан эмланишни бошласак, бошқа вакцина билан якунлаш ҳам мумкин бўлади, дегани. Бу борада ҳар қандай янгиликни тезкорлик билан аҳолига етказишда давом этамиз», дея таъкидлади Нурмат Отабеков.