Ўзбекистон фуқароси Польшадаги фожиали ЙТҲда айбдор бўлиб чиқди
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси берган маълумотга кўра, 22 июнь куни Польшанинг Остров Мазовецки шаҳри яқинидаги автомобиль йўлида Ўзбекистон фуқаролари А.М. ва Ж.Дж. иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз бериб, унинг оқибатида икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Остров Мазовецки шаҳри полицияси ахборотига кўра, Ўзбекистон фуқароси, автомобиль ҳайдовчиси А.М.га нисбатан “икки кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш” айблови эълон қилиниб, уни судга қадар тергов изоляторига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Йўловчи, Ўзбекистон фуқароси Ж.Дж.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, у гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Элчихона вазиятни назоратга олган.
Консуллик-ҳуқуқий департамент Польша ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Ўзбекистоннинг Варшава шаҳридаги элчихонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +48-22-894-62-30 (2)