Ўзбекистон гилос экспортида етакчилар қаторида

Гилос фойдали хусусиятлари юқорилиги билан бошқа мевалардан ажралиб туради. Бу мева мелатонин гормонининг табиий манбаи бўлиб, танангизнинг ички ҳолатини бошқаришга ва соғлом уйқу режимига ёрдам беради.

Мутахассислар уйқуни янада яхшилаш учун ётишдан олдин гилос истеъмол қилишни тавсия қилади. Ҳар куни 25 та яхши пишган гилос истеъмол қилиш натижасида уч кун ичида соғлом ва узоқроқ ухлашга эришилади. Қайнатмаси ёки шарбати иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита ҳисобланади. Шу боис бу маҳсулотга жаҳон бозорида талаб юқори. 

“EastFruit” таҳлилий порталининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2022 йилда дунёдаги энг йирик гилос экспортчилари орасида 4-ўринни эгаллади. Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Испанияга қараганда 18 минг тонна кўп гилос экспорт қилган.

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги сармоялари маркази иқтисодчилари фикрича, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ учун гилоснинг потенциал етказиб берувчиси бўлиши мумкин.

Маълумот сифатида айтадиган бўлсак, гилос 2021 йилда Ўзбекистон экспортини кескин оширган ягона данакли мева маҳсулоти бўлди. Жисмоний жиҳатдан экспорт 2020 йилдаги 29,3 минг тонна (56,4 миллион доллар)га нисбатан 60,1 минг тонна (83,1 миллион доллар)га ўсди. Бу Ўзбекистоннинг гилос экспорти бўйича тарихдаги рекорд кўрсаткичидир.

2022 йилнинг январь-июнь ойларида 14 та давлатга қиймати 33,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 25,4 минг тонна гилос экспорт қилган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг олти ойида республикамиздан Россияга 12,5 минг тонна, Қозоғистонга 7,7 минг тонна, Қирғиз Республикасига 4,8 минг тонна, Жанубий Кореяга 183 тонна, Беларусга 163 тонна, Польшага 52 тонна ва БААга 16 тонна гилос экспорт қилинган.     

2023 йилнинг биринчи ярмида республикамиз 15 дан ортиқ мамлакатга 52,9 миллион долларлик 45 минг тонна гилос сотди ва бир килограмининг ўртача қиймати 1,1 долларни ташкил этди.

Гилос экспорти 2022 йилга нисбатан 14,4 минг тоннага ошган ва гилоснинг асосий харидорлари орасида Россия 19,8 минг тонна кўрсаткич билан етакчи бўлиб турибди.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Фарғона вилоятида 12,4 минг тонна гилос экспорт қилинган бўлса, вилоятимиздан 2,5 минг тонна маҳсулот хорижга сотилган.

 

Малайзия ўзбек гилоси учун янги бозор

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси Малайзиянинг импортёр компаниялари билан ушбу мамлакат бозорларида сотиладиган миллий маҳсулотлар номенклатурасини ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.

«Дунё» ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилдан Малайзиянинг йирик савдо тармоқларига Ўзбекистон гилосини етказиб бериш йўлга қўйилган. Эндиликда маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ва янги бозорлар географиясини кенгайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда. 

Рақамларга қарайдиган бўлсак, мамлакатимизда йилига 200 минг тоннадан ортиқ гилос етиштирилади, бу эса уни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий экспорт товарларидан бирига айлантиради. Мамлакатимиз иқлим шароити гилос етиштириш учун жуда қулай ҳисобланади ва умумий 25 минг гектардан ортиқ майдонда гилос етиштирилади. Республикамизда гилоснинг асосан “Sweet Ryana”, “Sweet Lorenz”, “Skeena”, “Early Lory”, “Revershon”, “Валерий Чкалов ”, “Восход”, “Revna”, “Napoleon”, “Stella” навлари етиштирилмоқда.

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, аҳоли томорқалари билан биргаликда 5072 гектар майдонда гилос парваришланади. Фермер хўжаликларида эса 2895 гектар майдонда “Зироат”, “Лапинс”, “Рижина”, “Skeena” навлари парваришланмоқда.

Вилоят божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йил январь-май ойларида 2259,8 тонна гилос 4050,8 минг долларга экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 1590,3 минг тонна, 2596,5 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

***

Мавзуни Жомбой тумани мисолида давом эттирсак. Туманда 3757 гектар олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, олча, гилос, анор ва ёнғоқ боғлари мавжуд. Ушбу майдонларни суғориш учун 58 та артезиан қудуғи ўрнатилиб, 3137 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Шундан 577 гектар боғда гилос парваришланади.

Боғбон ва қайта ишловчига кўмаклашамиз

-  Деҳқонларга сифатли кўчат, уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи мойлаш материаллари хариди ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этишлари учун субсидия ажратишда кўмаклашамиз, - дейди Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги бош мутахассиси Умид Ҳасанов. – 2019 йилдан буён ўнга яқин йирик хўжаликда қарийб икки минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун субсидиялар ажратилди.

Бундан ташқари, самарасиз боғлар ўрнига 100 гектар бодом кўчати экилди. Кўчатлар уч йилда ҳосилга киради ва маҳсулот Европа бозорларига йўналтирилади. Синов тариқасида деҳқон хўжаликларининг 5 гектар майдонида малина экилди ва бу йилнинг ўзида олинган ҳосил ички бозорга сотилмоқда. Жорий йил баҳорда эса 350 гектардан зайтун ва фундук экилди.

Агентлик мутахассислари етиштирувчи ва қайта ишловчиларга боғлаб маҳсулот топиб беришда ҳам кўмаклашар экан. Туманда бўлганимизда қайта ишловчилардан катта миқдорда гилос маҳсулоти топишда ёрдам сўрашди. Шу куни деҳқон хўжаликларидан 7 тонна маҳсулотга харидор қидириб боғбонлар ҳам келди. Қайта ишловчилар бозор талабидан келиб чиқиб, бир килограмм гилосни 28-32 минг сўмдан харид қилиш истагини билдирдилар.

Қайси бозор бизга афзал?

-  Жамиятимиз тасарруфидаги 2100 гектар майдоннинг 1200 гектарида боғ ташкил этилган, шундан 600 гектардан ортиғи ҳосилга кирган, - дейди «Мароқанд мева-сабзавот» МЧЖ директори ўринбосари Хуршид Олимов. – 200 гектар майдонга гилос экилган бўлса, 60 гектари маҳсулот беради. Ҳозирда боғнинг гектаридан 12-15 тоннагача ҳосил оламиз. Албатта, ҳосилдорликка гуллаш давридаги баҳорги ёғингарчиликнинг ҳам таъсири бўлди. Имкон қадар зарарни камайтиришга ҳаракат қилдик. Асосан Туркия, Грециядан келтирилган “Самбо”, “Bletsstar”, “Skeena”, “Латинс” каби навларни экканмиз. Ҳозир эса жамиятимиз тасарруфида 70 гектар кўчатчилик хўжалигимиз бор. Гилосни ҳўл ҳолида Россия ва Қозоғистонга экспорт қиламиз. Жанубий Корея ва Хитойдан ҳам маҳсулотга талаб бор, аммо улар 26+ калибрли маҳсулотни сўрашади. Бу йилги ҳосил учун энг юқори калибрли гилоснинг килограмига 40 минг сўмдан харид қилишини билдиришди. Бундай ҳосил бир тупдан камроқ териб олинади. Ундан кўра 22+ стандартдаги барча ҳосилни Россияга сотганимиз кўпроқ фойдали. Бунинг устига нархида ҳам катта тафовут йўқ. Яна боғимизда ўрик, шафтоли, олма, нок етиштирамиз. Жамиятимиз тасарруфида 20 минг тонналик музлаткичли омборхонамиз бор, унда олинган ҳосилни маълум муддат сақлаймиз. Сўнгра ҳосилнинг ярмини ўзимиз қайта ишлаймиз, қолганини ички ва ташқи бозорда сотамиз.

Кейинчалик сув билан совутиш технологияси ва калибрга ажратиш ускуналарини ўрнатишни режалаштиряпмиз. Агарда бу ускуналарни жорий этсак, маҳсулотни стандарт бўйича саралаб сотиш имконияти яратилади.

Экспорт билан шуғулланувчи мутахассислар ҳар қандай маҳсулотни харидоргир қилиш биринчи навбатда қадоқлаш билан боғлиқлигини билдиришади. Юртимизда етиштирилган ҳар қандай мева-сабзавот маҳсулоти таъм ва табиийлиги билан харидорга манзур бўлиши бор гап. Бироқ харидорни жалб қилиш, маҳсулотни юқорироқ нархда сотиш учун қадоқлаш технологиясини ўзлаштиришимиз лозим. Мева экспортини ривожлантиришда терувчи-қадоқловчиларни махсус ўқитиш ёки ўргатишни йўлга қўйиш заруратга айланмоқда.

Маҳсулотни тўлиқ ўзимиз қайта ишлаймиз

 «Оҳалик олтин боғи меваси» масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 388 гектар майдонда гилоснинг «Аблачинский», «Литовка», «Ботерло» каби навлари парваришланади. Жамият мутахассисларининг айтишича, ҳар гектардан 15-20 тоннагача ҳосил олиниб, 20 минг тонналик совуткичли омборхонада сақланади ва қайта ишланади.

Олинган ҳосил 40-42 даража совуқликда музлатилганда меванинг табиий таъми бузилмайди ва уни қайта ишлаганда ўз хусусиятини йўқотмайди. Маҳсулот тўлалигича жамиятга қарашли заводда қайта ишланиб, шарбат ҳолида ички ва ташқи бозорларга сотилади. Гилоснинг данаги эса фармацевтикада дори тайёрлаш учун ишлатилади.

-  Кўчатлар Грециядан келтирилган ва иқлим шаротимизга мослаштирилган, - дейди «Оҳалик олтин боғи меваси» МЧЖга қарашли «Жомбой вишня» боғи раиси Бахтиёр Собиров. – Бу кўчатлар уч йилда ҳосилга киради. Бироқ бу йил баҳорги ёғингарчилик меванинг айни гуллаган пайтига тўғри келди ва ҳосилга ҳам таъсир ўтказди. Ёғингарчиликнинг мева чангланишига таъсирини камайтириш учун боққа 220 уя асалари оиласини келтирдик. Бундан ташқари, олма, шафтоли, ўрик, бодом, қароли, узум етиштириб, қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорда сотамиз.

Ўктам Худойбeрдиев.