“Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиалида ишлаган уч нафар аёл қамоққа олинди

Самарқандда Ҳакбердиева Азиза Олимжоновна, Ражабова Анора Алишеровна, Ҳамидова Лола Маликовна, Саматов Хайриддин Ҳайдарович, Аҳмедов Шароб Мисирович ва Қаршиев Олимжон Товбоевичларга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан 1-1401-1906/322-сонли жиноят иши очилган.

Бу ҳақда «Jahon.uz» нашрига ҳуқуқ тартибот идораларидаги ишончли манба тўлиқ маълумот берди ва ушбу ишга доир тергов ва суд ҳужжатларини тақдим қилди.

Ҳакбердиева Азиза Олимжоновна 1992 йил 3 январь куни Самарқанд шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта-махсус, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси пул ўтказмалари бўйича оператори бўлиб ишлаган. Унга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ражабова Анора Алишеровна эса 1995 йил 7 январь куни Самарқанд шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта-махсус, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси пул ўтказмалари бўйича оператори бўлиб ишлаган. Унга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳамидова Лола Маликовна 1972 йил 10 март куни Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган, маълумоти ўрта-махсус, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси пул ўтказмалари бўйича назоратчи Оператор бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноя иши қўзғатилган.

Саматов Хайриддин Ҳайдарович 1983 йил 14 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламасида ҳисобчи бўлиб ишлаган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в, г” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аҳмедов Шароб Мисирович 1965 йил 10 апрель куни Булунғур туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти олий, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноя иши қўзғатилган.

Қаршиев Олимжон Товбоевич 1987 йил 16 май куни Булунғур туманида туғилган, маълумоти олий, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган. Унга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан айбов эълон қилинган.

Иш ҳужжатларида аниқланишича, Ҳакбердиева Азиза Олимжоновна 2014 йил 4 апрелдан 2018 йил 25 сентябргача, Ражабова Анора Алишеровна 2014 йил 8 августдан 2018 йил 25 сентябргача, Ҳамидова Лола Маликовна 2016 йил 8 февралдан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд туманлараро почта алоқа боғламаси пул ўтказмаларини қайта ишлаш бўйича оператор вазифасида ишлаб келишиб, ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб, жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2018 йил 1 январь кунидан 10 сентябрь кунига қадар фуқаролардан алимент тўловлари ва бошқа пул жўнатмалари учун жами 3 млрд. 138 млн. сўм нақд пул маблағларини ўзларининг ихтиёрига ва жавобгарлигига қабул қилишиб, мазкур маблағларнинг бир қисмини почта алоқа кассасига топширмаслик ва ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида, ушбу нақд пул маблағларининг 639 млн. сўми, Лола Ҳамидованинг иштироклигида эса 608 млн. сўми, учун нақд пул қабул қилинганлиги ҳақида “Шакл-5” квитанцияларини расмийлаштирмасдан ҳамда ушбу пул маблағлари пул кўчириш йўли билан қабул қилинмаганлиги, тўлов-топшириқномалари берилмаганлиги ва ушбу маблағлар почта ҳисоб-рақамига келиб тушмаганлиги, бу ҳақда расмий ҳужжатлар мавжуд эмаслигини била туриб, ушбу пул маблағлари гўёки пул кўчириш орқали қабул қилинганлиги ҳақидаги ёзувларни почта алоқа боғламасининг электрон дастурида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда акс эттиришиб, ушбу пул маблағлари 4 млрд. 791 млн. сўм эканлигини электрон дастурда кўрсатиб, пул олувчи шахсларга “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг умумий ҳисоб-рақами ҳисобидан пул маблағлари юборилишини таъминлаб, “ЎП-42” касса маълумотномасида эса акцепт сифатида қабул қилинган маблағларни 4 млрд. 152 млн. сўм қилиб қайд этиб, пул маблағлари тегишли олувчи шахсларга етказилганлиги юзасидан “Шакл-115” маълумотномаларини қалбакилаштириб расмийлаштириб, ўзларининг ихтиёрида қолган жами 639 млн. сўм пул маблағларини “ЎП-42” касса маълумотномаси ҳужжатларида акс эттирмасдан ҳамда почта алоқа боғламасининг кассасига топширмасдан, ўз ихтиёридаги ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

А.Ҳакбердиева, А.Ражабова, Л.Ҳамидова ва боғлама ҳисобчиси судланувчи Х.Саматовлар томонидан 2018 йил 1 январь кунидан 10 сентябрь кунига қадар жисмоний ва юридик шахслардан қабул қилинган пул маблағларини “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта алоқаси ҳудудий (вилоят) филиаллари ва объектларида касса операцияларини юритиш қоидалари”да ва почта тизимига оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда қабул қилмасдан, ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва иш юритмасдан, почта ҳисоб рақамига пул маблағлари келиб тушган корхона-ташкилотлар тақдим қилган рўйхатдаги шахсларга эмас, балки умуман бошқа фуқароларнинг номига пул маблағларини расмийлаштириб, тўлов топшириқномаларидан қайтадан фойдаланиб бошқа шахсларнинг номига пул маблағларини қайд этиб, жами 782.949.000 сўм пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинишига йўл қўйиб, бу ҳолатларга ўта бепарво ва лоқайд муносабатда бўлиб, алоқа операторлари томонидан тақдим қилинган ҳисоботларни лозим даражада ўрганмасдан, текшириб кўрмасдан, уларни бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари билан солиштирмасдан қабул қилиб келиб, ўз вазифаларига виждонсизларча муносабатда бўлиб давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Ушбу жиноий ҳаракатлар суд тартибида кўриб чиқилиб, судланувчи Ҳақбердиева Азиза Олимжоновна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича 2 (икки) йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 (беш) йил 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Ҳақбердиева Азиза Олимжоновнага нисбатан қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чораси ўзгартирилиб ва суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи Ражабова Анора Алишеровнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича 2 (икки) йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 (беш) йил 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Раджабова Анора Алишеровнага нисбатан қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чораси ўзгартирилиб ва у ҳам суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи Ҳамидова Лола Маликовна Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича 2 (икки) йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 (беш) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Хамидова Лола Маликовнага нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у дарҳол суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи Саматов Хайриддин Ҳайдарович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а, г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 2 (икки) йил муддатга корхона, муассаса ёки  ташкилотларда мансабдорлик ва моддий  авобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдори давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда, 2 (икки) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчи Қаршиев Олимжон Товбоевич Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасига асосан, 1 (бир) йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоиз миқдори давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда, 1 (бир) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчи Аҳмедов Шароб Мисирович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасига асосан, 1 (бир) йил муддатга корхона, муассаса ёки ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда, 1 (бир) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Суд ҳукми билан судланувчи А.Ҳакбердиева, А.Ражабова ва Л.Ҳамидовалардан қопланилмай қолган 574.637.000 (беш юз етмиш тўрт миллион олти юз ўттиз етти минг) сўм етказилган зарар солидар тартибда “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали фойдасига ундирилиши ҳам белгиланди.