Ўзбекистонда 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасадига базальт қопланади

Бу ҳақда Абдулла Арипов раислигида 23 январь куни аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Унда бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилинди.

Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.

Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 миллион м/кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Шу боис, Ўзсаноатқурилишбанк “Ўзсаноқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хомашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.

“Ўзэлтехсанот” уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.