Ўзбекистондa илк инновацион стартап-платформа очилди
Тошкентнинг Бектемир туманида Uzauto Market — Ўзбекистондаги илк инновацион стартап-платформа очилди.
Платформа қуйидагиларни ўз ичига олган:
- автосаноат соҳасида ўқийдиган талабалар, новаторлар, умуман, ғоя муаллифларини ишлаб чиқарувчи, сармоядор, тадбиркор, импорт вакиллари билан биргаликда ишлашини таъминлаш, уларнинг ўзаро таъсир асосидаги ҳамкорлигига замин яратиш.
Бу дегани ёшлар компания вакиллари билан ғояларини ўртоқлашади, ишланмалар яратишда ёрдам олишади. UzAuto Components вакиллари эса ўша ғояларни ишлаб чиқариш корхоналари базасида амалга оширишда кўмак беради. Стартап-платформа тадбиркорларга ҳам ўз бизнеси учун маҳсулот олишда қўл келади.
Автомобилга бошқалардан ажралиб турувчи жиҳат қўшиш учун тюнинг ателье хизмати мавжуд. Масалан, исталган инсон автомобили билан бориб ўзига ёққан дизайнни тушириб беришни буюртма қилиши мумкин.
UzAuto Motors енгил автомобиллари, “JV MAN Auto-Uzbekistan”, “SamAuto”, “UzAutoTRAILER” тижорий юк ташиш техникасининг моделлар қатори сотилади.
Айни марказнинг ўзидагина автомобил харид қилганларга муддатсиз кафолат берилади.
UzAuto маҳсулотларига ҳар қандай кўринишда кафолат ва кафолатдан кейинги хизматлар тақдим этадиган замонавий сервис ҳудуди.
Шоурумда енгил машиналар, тижорат техникасига эҳтиёт қисмларнинг кенг ассортименти қулай нархларда тақдим этилган. Chevrolet автомобилларини йиғишда ишлатиладиган асл эҳтиёт қисмларни сотиб олиш мумкин.
Тез орада UzAuto Market сайтида эҳтиёт қисмлар онлайн сотилишни бошлайди.
Платформа очилиши маросимида Ўзавтосаноат раиси Шавкат Умрзоқов сўзга чиқиб расмиятчиликдан чекиниб нега шу майдончани яратиш ғоясига келингани ҳақида анча гапларни гапирди.
— Италияга, Япония, Кореяга борганда ёшларимиз билан гаплашганимда улар менга мурожаат қилиб, «Шу тизимга кераклигимизни билсак, яъни қадримизни автосаноат сезса, албатта биргаликда шу тизимда ишлаймиз», дейишди. Умуман Турин политехника университети битирувчилари, соҳада ишлаб чет элга чиқиб кетганлар билан суҳбатлашдим, улар ҳам «Ўзбекистонда қаерда ишлашимиз керак? Биз ишлаб чиқарган, ўйлаб топган нарсалар турибди, лекин рўёбга чиқара олмаяпмиз», дейишди.
Эҳтиёт қисмлар сотувида шаффофликни таъминлаш, харидорларга сифатли қисмларни етказиб беришни ваъда берган эдик. Сотувчилар билан ҳам шахсан кўришиб гаплашдик, уларда ҳам муаммо шу, уларни ҳеч ким билмайди, эшитмайди. Чет элда бизда "миялар" бор, бу ерда эса уларнинг ғояларини сотиб оладиган импортчи, ишлаб чиқарувчилар бор. Лекин уларни жамлайдиган майдонча йўқ эди. Шунинг учун ёшлар билан маслаҳат қилиб шуни яратиш фикрига келдик.".