Ўзбекистонда карантин юмшатилиши билан йигитлар муддатли ҳарбий хизматга отланди

Кеча, 9 июнь куни синовлардан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий либос кийган чақирилувчилар ҳудудлардан ўз йигитлик бурчини адо этиш учун муддатли ҳарбий хизматга кузатилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

6-7 июнь кунлари чақирилувчилардан СОVID-19га тест таҳлиллари олинган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирлар карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, уларни бир марталик тиббий ниқоблар ва қўлқоплар, антицептик воситалар билан таъминлаб, ижтимоий масофалар  сақланиб, тана ҳароратлари текширилиб амалга оширилди.

Муддатли ҳарбий хизматга кетаётган йигитлар учун темир йўл транспортларида алоҳида вагонлар ажратилди ҳамда ҳар бир вагонда шифокорлар назорати ўрнатилиб, чақирилувчиларни хизмат жойига етказиб бориш белгиланди.

Чақирилувчилар етиб боргач, улар 14 кун давомида карантинда бўладилар ҳамда шундан сўнг барчаси кўнгилдагидек эканлигига ишонч ҳосил қилингач, машғулотларга киришилади.