Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий мақоми қандай?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқ манбалари тизимида алоҳида ўринга эга. Аввало, у роман-герман ҳуқуқий тизим оиласига мансуб мамлакатларда, жумладан, миллий ҳуқуқий тизимимизда ҳам асосий ҳуқуқ манбаси ҳисобланади. Шунингдек, бошқа ҳуқуқ манбаларидан фарқли ўлароқ, у ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун махсус яратилганлиги боис, унга шундай хусусиятлар бахш этилганки, бунинг натижасида у самарали ҳуқуқ шакли сифатида намоён бўлиш учун барча имкониятларга эга.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлатнинг ваколатли органлари томонидан ўрнатиладиган ёки маъқулланадиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, дeганда давлат ваколатли органи ёки мансабдор шахснинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, умумий мажбурий тусдаги қоидаларни ўрнатувчи, ўзгартирувчи ёки бeкор қилувчи ҳуқуқ ижодкорлиги ҳужжати тушунилади. Ўз навбатида, давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан чиқарилган барча ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўла олмайди. Фақатгина умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўрнатувчи, ўзгартирувчи ёки бeкор қилувчи ҳужжатларгина норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчасига берилган таърифларни таҳлил қилиш баробарида унинг қуйидаги хусусиятларини кўрсатиш мумкин:

- давлат номидан қонунда белгиланган тартибда қабул қилинади;

- ваколатли субъектларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти маҳсули ҳисобланади;

- барча учун умуммажбурий қоидаларни ўрнатади, ўзгартиради (такомиллаштиради) ёки бекор қилади;

- махсус процессуал тартибда амалга оширилади;

- муайян ҳужжатлаштирилган шаклга эга (қонун, фармон, қарор ва бошқалар);

- муайян турдаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган;

- уларда ҳуқуқий қоиданинг мазмуни, яъни ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари баён этилади;

- унда мустаҳкамланган қоидалар бажарилмаган ёки бузилган тақдирда муайян ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади ва қоида бўйича давлатнинг мажбурлов кучи ишга солинади.

Шу ўринда бошқа ҳуқуқ манбаларига нисбатан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қуйидаги афзал жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мумкин:

Биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баён этишнинг муайян қоидаларига асосланиб яратилганлиги боис, уларда ҳуқуқ нормалари аниқ ифода этилади. Бу эса ўз навбатида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидаларни турли маъноларда тушунишнинг олдини олади ва унинг бир хил қўлланилишини таъминлайди. Айнан шу жиҳат ҳуқуқнинг расман аниқлик  хусусиятига мос келади.

Иккинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар биргаликда қонунчиликнинг яхлит бир тизимини ташкил қилади. Ҳар бир норматив ҳужжат қонунчиликнинг иерархик тизимида ўзининг белгиланган ўрнига эга бўлиб, бошқа ҳужжатлар билан бирга муайян муносабатларни комплекс асосда тартибга солишга қаратилган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқнинг муайян соҳаси доирасида қабул қилинади. Бу эса зарур ҳолатларда тегишли норматив ҳужжатларни излаб топишни осонлаштиради. Ҳуқуқ соҳаси доирасидаги ҳужжатлар ўртасида бўшлиқ ва зиддиятлар бўлишининг олди олинади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу жиҳати ҳуқуқнинг тизимлилик хусусиятига мос келади.

Учинчидан, норматив ҳужжатларни бошқа ҳуқуқ манбаларидан фарқли ўлароқ тез ва қисқа муддатларда қабул қилиш, ўзгартиришлар киритиш ёки зарур ҳолатларда бекор қилиш мумкин. Бунинг натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бошқа ҳуқуқ манбаларига нисбатан ижтимоий тараққиётнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу жиҳати тезкорлик, деб номланади ва у ҳуқуқнинг ўзгарувчанлик (динамизм) хусусиятига мос келади.

Хулоса қилиб айтганда тегишли ўқув ва илмий адабиётларда ҳамда қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасига деярли бир хил таъриф берилганлиги қувонарли ҳол. Айтиш жоизки, ушбу ҳолат муайян юридик атама ва терминлар юзасидан ҳуқуқшунос олимлар ўртасида жуда кам учрайдиган якдилликка мисолдир. Шу боис, биз ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси ва ҳуқуқ манбасининг хусусиятларига берилган таъриф ва ёндашувларни умумлаштиришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади. Бугунги кунда норма ижодкорлиги йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш орқали уларнинг ҳуқуқий мақомини янада аниқлаштиришга қаратилган.

Дилфуза АБДУЛЛАЕВА,

Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири вазифасини бажарувчи.