Ўзбекистонда ноябрда «Кексалар учун туризм ойлиги» жорий қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 майдаги "Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўлида кекса авлод вакиллари учун мамлакат бўйлаб зиёратларни (саёҳат) ташкил этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача "Кексалар учун туризм ойлиги", дея эълон қилинди. Саёҳат қилувчилар учун ҳудудлардаги туризм инфратузилма объектлари, музей ва театрларга кириш ва қўшимча xизматлар кўрсатиш бўйича, шунингдек, жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шоxобчалари ҳамда вилоятлараро қатновчи автобус, авиа ва темир йўл чипталарига иxтиёрий равишда чегирмалар ва акциялар эълон қилиниши кўзда тутилган.
- Мазкур ҳужжат мамлакатимизда ички туризмни янада ривожлантириш учун катта туртки бўлади, - дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов. - Ҳар доим ардоқда бўлган отахону онахонларимизнинг юртимиздаги тарихий мерос объектлари, диний қадамжоларимизни зиёрат қилиб, нуронийлик гаштини суришлари учун шарт-шароит яратиб берилмоқда. “Саёҳат барча учун!” шиори остидаги хайрия лойиҳаси доирасида вилоятимизда истиқомат қилувчи 3 мингга яқин I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар йилига бир маротаба бепул туристик саёҳат қилиш имконидан фойдалана оладилар.
Мазкур қарор ижроси юзасидан бугунги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган 307 та жойлаштириш воситалари, 19 та санаторий ва соғломлаштириш объектлари ҳамда 23 та зиёратгоҳ мутасаддилари билан келишган ҳолда ойлик давомида 30-40 фоизгача бўлган миқдордаги чегирмаларни таклиф этиш юзасидан ҳамкорликда амалий иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет ва унинг орттириб бажарилган қисмидан ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг турар жойлари таъмирлаб берилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.