Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган 180 дан ортиқ ўсимлик бор
Инсон табиатдан фойдаланиш жараёнида одатда табиий жараёнларга тўсқинлик қилади ва бунинг оқибатларини ўйламайди. Аслида атрофимиздаги ҳайвонлар ва ўсимликлар миллион йиллар давомида эволюция натижасида мураккаб биологик тизимни ҳосил қилган. Табиатда ҳар бир тирик организм ёки биологик тур табиий барқарорликни таъминлайди. Агар ушбу тизимнинг бирон бир қисми йўқолса, барқарорлик издан чиқади.
Шу боис ҳам Бирлашган Миллатлар ташкилотининг 1992 йил Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича конференциясида биохилма-хиллик ҳақида Конвенция имзоланган. Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда ушбу Конвенцияга аъзо бўлган.
Умуман, мамлакатимиз ҳудуди Ер шарининг 0,3 фоизини ташкил қилади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 180 дан ортиқ ўсимлик тури яшайди. Яъни, Қизил китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвон турларининг деярли ярми муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан ташқарида ўсмоқда ва яшамоқда.
Қайд этиш лозимки, қишлоқ хўжалиги, яйлов ерлар ва урбанизация қуруқликдаги ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳитини майда бўлакларга бўлади ва бузади. Озиқ-овқат, тиббиёт ва бошқа соҳалар учун биохилмахилликдан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ҳам салбий таъсир кўрсатади. Балиқ овлаш саноати балиқлар биомассасининг 80 фоизини, ўрмон-буталарни кесиш ва браконьерлик оқибатида дарахт турларининг кўп турларини йўқ бўлиб кетиш чегарасигача олиб келган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, табиатимиз биохилма-хиллигини асраш, сақлаб қолиш ҳамда келажак авлодга етказиш Конституцион бурчимиздир.
Вилоятимизнинг шаҳар ва туман марказларида, маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар оралиқларида, ташкилотларга тегишли бўлган ҳудудлар, автомагистраль ва темир йўллар ёқасидаги, дарё, сой, канал, зовур ва ариқлар ёқасидаги, фермер хўжаликлари ерларида ва давлат захира ерларидаги дарахт ва буталар хатловдан (инвентаризациядан) ўтказилиб, шакллантирилган ягона электрон базага киритилмоқда.
Қайд этиш лозимки, жорий йил 1 майдан бошланган бу тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахт ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилди. 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилиши кўзда тутилган мораторийда ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатномалар бериш ман этилди.
Амалга оширилаётган бу каби ишлар келгусида дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг ноқонуний кесилиши, дарахт турлари йўқолиб кетишининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Д.РЎЗИБОЕВ,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи.