Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда Бухоро хонгули ўлдирилгани ҳақида расмий маълумот берилди

Вилоят Матбуот уйида Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Д.Очилов ва Ўзбекистон Экологик партияси раиси Нарзулла Обломуродов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб Д.Очилов республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилганлиги, вилоятда маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Шундан сўнг яқинда ижтимоий тармоқларда Жомбой туманидаги “Зарафшон” миллий табиат боғида «Қизил китоб»га киритилган Бухоро хонгули отиб ўлдирилгани ҳақида тарқалган хабарга изоҳ берди. Унда келтирилган ҳолатни ўрганиш мақсадида олиб борилган ишлар хусусида ахборот берди.

- Ўрганиш натижасига кўра, ҳақиқатан ҳам 8 февраль куни мазкур ҳолат юз берган, - дейди Д.Очилов. - “Зарафшон” миллий табиат боғи атрофида яшовчи фуқаро Ж.Дўлановнинг берган маълумотига кўра, миллий табиат боғининг 1-бўлимидаги Бухоро хонгули сақланадиган жой (питомник)нинг орқа томонидан ўқ овози эшитилган. У овоз келган томонга бориб, дарё бўйида буғу териси ва бош қисми ётганига гувоҳ бўлган. Ҳолатни ўрганиш бўйича тегишли ташкилот ва органлар ҳамкорлигида тезкор гуруҳ тузилди. Миллий табиат боғига тегишли бўлган “Нива” русумли автомашина ва ов қуроли ашёвий далил сифатида олинган. Бугунги кунда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ишлар якунига етгач, қўшимча ахборот берамиз.

Тўлқин Сиддиқов,

Ҳусан Элтоев.