Ўзбекистонда тадбиркор аёлларнинг бизнесдаги улуши қанча?

Бу саволга батафсил жавобни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистоннинг «Курсив» бизнес-нашрига берган интервьюсида айтган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда тадбиркор аёлларнинг бизнесдаги улуши 39 фоизни ташкил этмоқда.

«Тадбиркорлик тузилмаларига раҳбарлик қилаётган ташаббускор аёллар туфайли янги корхоналар очилиб, иш ўринлари яратилмоқда. Бу аёллар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларни ободонлаштиришда, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Энг муҳими, улар ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган бошқа қизлар ва аёлларга ўрнак бўляпти», деган Танзила Норбоева.

Сенат раисининг билдиришича, шу сабабли мамлакатнинг барча ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишни ташкил этиш мақсадида аёллар тадбиркорлиги марказлари ташкил этилди. Биргина 2021 йилнинг ўзида 53,8 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик хотин-қизлар уларда турли касб-ҳунарларга ўқитилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун 100,3 миллиард сўмдан ортиқ (9,2 миллион доллар) кредитлар ажратилди. Мазкур чора-тадбирлар туфайли 34,5 минг нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.

«Кредитлар, имтиёзлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг бошқа кўринишлари мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон миқёсида ривожланишига қўшилаётган ҳиссадир. Boston Consulting Group экспертларининг фикрича, агар тадбиркор аёллар сони бизнесдаги эркаклар сонига тенглашса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти икки баробар ортади», деб қайд этган Танзила Норбоева.