Ўзбекистонда тасвирга олинган Индиана Жонс иштирокидаги фильм юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги муносабат билдирди
Олдинроқ мазкур фильмда Амир Темур шахси ёвуз тарзда талқин этилгани жамоатчилик вакилларининг эътирозига сабаб бўлганди.
Туризм ва спорт вазирлиги мазкур фильм ташаббускори эмаслигини билдирмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда Индиана Жонс иштирокида Ўзбекистонда тасвирга олинган видеоролик кенг тарқалиб, баъзи блогерлар бунга “Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан” дея изоҳ бермоқда.
Биринчидан, ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан тасвирга олинмаган, муаллифлар билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган.
Иккинчидан, вазирлик видеоролик аввалида Соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга хайрихоҳ эмас. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам “бадиий тўқима” қўлланилган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир.
Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади.
Шундай экан, ОАВ вакиллари ва блогерлардан одамларни чалғитувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликка, савол туғилган тақдирда вазирлик матбуот хизматига мурожаат қилиб аниқлик киритишга чорлаб қоламиз.
Шу ўринда мазкур видеоролик бўйича саволлар билан ролик муаллифларига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаган ҳолда, Туризм ва спорт вазирлиги соҳани ривожлантириш йўлида хизмат қилувчи қизиқарли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қиламиз”, дейилади вазирлик муносабатида.
P/s: Мазкур фильм анонси остидаги изоҳлардан шуни билиш мумкинми қатор мамлакатлар кино саноати вакиллари юртимиз ҳақида илиқ фикрга эга. Жумладан, изоҳларда турли мамлакат вакиллари кинода акс этган тасвирларга асосланиб, Ўзбекистонда кўплаб фильмлар олишга қизиқиш билдирмоқда. Фойдаланувчилардан бири шундай фикр қолдирган: “Қандай ажойиб сеҳрли мамлакат, бу ер яна кўплаб фильмлар олишга арзийди”.