Ўзбекистонлик ҳарбийлар илк бор Москвадаги парадда иштирок этмоқда

24 июнь Москвада урушда қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланади. Бу йил ушбу парадга илк бор ўзбекистонлик ҳарбийлар қатнашмоқда. Чунки Ўзбекистон бу ғалабага эришишда алоҳида ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Иккинчи жаҳон урушига 1 500 000 нафар фарзандларини жўнатган. Улардан 420 000 нафари ҳалок бўлиб, 130 000 нафари бедарак йўқолган, 640 000 киши ярадор бўлган. Машҳур Сталинград жангидаги Павлов уйини ҳимоя қилишда ҳам танкка қарши ташланган наманганлик ўзбек К.Турғунов бўлган. 1945 йил 9 майда фашистлар Германиясининг таслим бўлиши ҳақидаги капитуляция актини тошкентлик учувчи А.Тойматов Берлиндан Москвага олиб келган.

Уруш йилларида мамлакатимиздан фронтга 1 0 63 минг тонна буғдой, 8 300 бош қорамол, 67 000 қўй, 2 000 трактор ва автомашина, 8 000 бош от ва хўкиз, 170 000 эчки улоқ, 400 та паровоз, 7,5 миллион дона гимнастёрка, 2,6 миллион телогрейка, 2,2 миллион жуфт этик, 2 100 та самолёт, 17 342 самолёт моторлари, 17 100 миномёт, 22 миллион дона мина, 650 000 дона снаряд, 2 миллион дона авиа бомба, 1 миллион дона граната, 330 000 дона парашют, 5 та бронепоезд ва 18 та ҳарбий санитар поезди жўнатилган.

1941-1945 йилларда мудофаа фондига республикамиз аҳолиси томонидан ўша пайтдаги миқдор билан 650 миллион рубль пул, 22 миллион дона қимматбаҳо буюмлар, 55 килограмм қимматбаҳо металлар, 27 000 танкка қарши тўплар учун эҳтиёт қисмлар, 60 000 ҳарбий комплект кимёвий ҳимоя кийимлари ва 100 000 погонометр пўлат сим, тонналаб сабзавотлар ва жун-ипак матолари юборилган.
Шунингдек, урушда ўзининг муносиб хизмати ва жасорати учун 120 000 дан ортиқ ўзбекистонликлар ҳарбий орден ва медаллар билан тақдирланган. Шулардан 338 нафари Иттифоқ қаҳрамони бўлса, 82 нафари "Шуҳрат" орденининг тўлиқ соҳибларидир.

Рустам ХЎЖАЁРОВ,
меҳнат фахрийси.