Ўзбекистонлик ёшларни Суриядаги террорчилик ташкилоти сафига қўшилиш учун жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни ёллаб, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахснинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Мавжуд маълумотларга кўра, 1996 йил Самарқанд вилоятида туғилган О.Хошимов 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, у ерга юртимиздан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Фуқаролар, айниқса, ёшларни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали сайтларда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, алданиб қолмасликлари, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари ҳамда интернет тармоғида нохолис, текширилмаган ва асоссиз материалларни тарқатиш билан шуғулланмасликлари сўралади.

Кимда ким ўзи ёки яқинлари ушбу шахснинг таъсирига тушган ёки ҳаракатларидан жабрланган бўлса, энг яқин бўлган ички ишлар органларига ёки «102» телефон рақамига мурожаат қилиши мумкин.