Ўзгалар дардини ўз дарди билиб, ҳаловат нелигин билмайди улар
8 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни
Тунги 2:00. Навбатчи шифокор қўнғироқ қилиб беморларидан бирининг аҳволи оғирлашганини айтгач, шифохонага етиб келди. Ёш навбатчи шифокорга ўз маслаҳатларини бериб, керакли муолажаларни қилишди. Беморнинг аҳволи ижобий томонга ўзгарганини кўриб, уйга қайтганида соат 5:00 ни кўрсатарди. Бироз дам олган бўлиб, яна эрталабдан ишга, беморларининг дардига шифо топишга ошиқди.
Ҳа, бугунги синовли кунларда шифокорларимизнинг масъулияти икки карра ошгани рост. Улар тун-у кун, баъзан оиласидан бир неча кунлаб йироқда касалликлар билан курашяпти, беморлар дардига малҳам бўляпти. Суҳбатдошимиз 21 йилдан буён Самарқанд шаҳар болалар шифохонасида педиатр бўлиб фаолият юритаётган Муборак Ҳосилова ҳам мана шундай фидойи ходимлардан бири.
- Болалар касалликларини даволаш бир мунча масъулиятли, - дейди М.Ҳосилова. – Чунки улар катталардек қаери безовта қилаётганини тўлиқ айта олмайди. Уларнинг тилини топиш мушкул. Бугунги пандемия бу масъулиятни икки карра оширди. Минг афсуски, COVID-19 болаларда ҳам учрамоқда. Фарқи - улар катталарга нисбатан енгил, оддий шамоллашдек ўтказяпти. Буни кўпчилик олимлар катта ёшдагилар улғайган сари иммун тизими янги инфекцияларга қарши курашиши қийин эканлиги билан баҳолашмоқда. Болалар иммун тизими катталардан фарқ қилиб, ҳали шаклланиш босқичида бўлади. Кўпинча боғча ва мактаб ёшидаги болаларда турли хил нафас йўллари инфекцияларига тез чалиниш ҳолати учрайди. Ва уларнинг қонида вирусларга қарши антитаначалар даражаси анча юқорилиги организмга кирган вирусни тезроқ енга олишига сабаб бўлиши мумкин.
- Коронавирусга чалинган болаларда қандай аломатлар кузатилади?
- Болаларда касаллик енгил шаклда ўткир респиратор инфекция каби томоқ оғриғи, кам-кам йўтал, бурун оқиши, аксириш каби аломатлар билан кузатилади.
Оғирроқ ҳолларда тана ҳарорати 37,5 -39 даражагача кўтарилиши, беҳоллик, бош оғриғи, кўнгил айниши, ич кетиш, қусиш каби белгилар намоён бўлади. Болада касаллик белгилари учраганда ҳар қандай ҳолатда шифокорга мурожаат қилиш керак. Баъзан ота-оналар ўз билганларича болаларини пала-партиш, турли дори-дармонлар билан даволашга ҳаракат қилади. Бу боланинг аҳволи оғирлашишига олиб келиши мумкин. Шифокорга кеч мурожаат қилинса, сурункали касалликлари бор болаларда, бу хасталик оғир ўтиши мумкин. Сентябрь ойида 11 ёшли боланинг коронавирус инфекциясидан вафот этиши барчани, шу жумладан биз шифокорларни ҳам сергак торттирди. Яқинда қашқадарёлик 11 ойлик бемор бола тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, инжиқлик, нафас олишининг тезлашиши, ичининг бузилиши каби клиник белгилар билан ётқизилди. Тўғриси, боланинг аҳволи оғир эди. Етти кун давомида даволашга ҳаракат қилдик. Керакли мутахиссислар билан маслаҳатлашдик. Худога шукр, ота-онасининг дуоси ва қўллаган муолажаларимиз самара бериб, бола соғайди. Бугун оиласи бағрида.
- Болаларда кечаётган COVID-19 инфекциясининг гриппдан фарқли жиҳатлари борми?
- Албатта, бор. Коронавирусда қуруқ йўтал кўп кузатилади. Грипп ва ЎРИда йўтал нам бўлади. COVID-19 вируси ҳужайра ичига кириши учун ўз оқсилини инсон ҳужайраларидаги S ресепторлар билан боғлайди, болаларда эса ушбу ресепторларнинг сони ва фаоллиги кам, яъни болаларда вирус кириши учун нишонлар кам. Олимларнинг таъкидлашича, саратон касаллиги билан касалланган бемор болаларда ҳам касаллик катталарга нисбатан енгилроқ ўтмоқда.
Шу билан бирга ҳозир ҳар бир бемор болани эпидемиологик анамнез қиламиз, яъни оиласидагилар, яқинлари, қўшнилари коронавирус билан оғримаганлиги, оммавий тадбирларга борган-бормаганлигини суриштириб ҳам грипп ёки COVID-19 билан касалланган беморларни аниқлаймиз.
- Ҳозир боғчалар, мактаблар анъанавий таълим тизимига босқичма-босқич ўтмоқда. Бунда ота-оналар кўпроқ нималарга эътибор бериши керак?
- Олимларнинг таъкидлашича, коронавирус инсон териси юзасида 9 соатгача яшаши мумкин экан. Мутахассислар инсон терисида яшай оладиган вирусларнинг қанча муддат сақланишини билиш мақсадида юз мингга яқин турли вирусларни тери юзасига суркашди. Кузатувларга кўра, грипп вируси терида 2 соат хавфли бўлиб турган бўлса, коронавирус ўртача 9 соатгача сақланиб қолган. Шу билан бирга COVID-19 вируси металл, шиша ва пластмасса юзаларда бир неча кун сақланиши мумкин. Мутахассислар юзаларни этанол билан тозалаганда 15 сония ичида нобуд бўлгани аниқланган. Шунинг учун қўлларни тез-тез ювиш ва спиртли антисептик воситалар билан тозалаб туриш лозим. Тиббий ниқобларнинг муддатига ҳам аҳамият бериш муҳим. Ниқобларни муддатидан ортиқ ишлатиш, ювиб яна бир бор ишлатиш мумкин эмас. Овқатланиш рационига ҳам аҳамият бериш лозим. Профилактика учун витамин D3 бериш ҳам фойдали. Оналаримиз болаларининг тоза ва озода юришига, яқин ўртоқлари билан масофа сақлаши кераклигига эътиборли бўлишлари зарур.
- Шифокорлик заҳматини қачон ҳис қилгансиз?
- Шифохона оилангиздан ҳам яқин бўлиб қолар экан. Уйга келганда ҳам, кўчада юрганда ҳам доим беморларнинг ҳолати, улардаги ўзгаришлар хаёлингизни тарк этмайди. Ҳатто, тунда ҳам навбатчиларга телефон қилиб беморларимнинг ҳолатини сўраб тураман. Ахир сизга фарзандининг саломатлигини ишониб топширишади. Бу ишончга муносиб бўлиш эса заҳматдир.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА суҳбатлашди.