Ўзгараётган Самарқанд

– Эркин Оқбўтаевич, кейинги пайтларда “эврилиш”, “ўзгариш”, “интенсив ривожланиш” каби ибораларни ишлатиш русумга айланди. Янгиликка иштиёқманд раҳбар сифатида бу тушунчаларни қандай изоҳлайсиз?

– Дунёнинг ўзгариши янгилик эмас. Яъни халқимиз буни “чархи кажрафтор” дейди. Фақат бундай ўзгаришлар баъзан ижобий, баъзан салбий бўлиши мумкин. Олам меҳварида башар аҳли билан бир кемада эканимизни ҳисобга олсак, биз ҳам ана шу ўзгаришлар гирдобидамиз.

Оламдаги барча миллат ва давлат кучли бўлишни, яхши яшашни орзу қилади. Гарчи шаклланган демократик тамойилларни ҳозирча бетакрор, деб таъкидласак-да, ҳар бир қитъа, ҳар бир давлат ва ҳар бир миллат бир-бирига ўхшамаган тараққиёт йўлини танлайди. Айни пайтда Ўзбекистон танлаган йўл жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани фикрим исботидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йили БМТ Бош ассамблеяси сессиясида “Биз Ўзбекистонни дунёга янгича қиёфада намойиш этмоқчимиз” деганида юксак маънавиятли халқни, ишончли тараққиёт йўлини танлаган давлатни назарда тутгани шубҳасиз. Чунки мамлакатимизнинг яқин беш йилга режалаштирган ва амалга ошираётган тараққиёт стратегияси бераётган реал самара кучли давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Энди сиз айтган тушунчалар изоҳига келсак, назаримда, бу ибораларнинг барчасини “ЯНГИЛАНИШ” сўзи билан шарҳлаш мумкин. Негаки, биз Ватанимизни тарихий, маънавий меросимизга, халқимизнинг эзгу анъаналарига таянган, дунёдаги илғор тажриба ва технологияларни ўзлаштирган ҳолда ривожлантиряпмиз. Биз Ватанимиз, ўз тақдиримизга, келажагимизга бўлган нуқтаи назаримизни янгилаяпмиз.

– Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда, матбуот ва телевидениеда Самарқанд вилоятида ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли ўзгаришлар кўзга ташлангани ҳақида гапириляпти. Бу янгиланишларни Сиз нималарда кўряпсиз?

– Биринчидан, узоғи яқин, мушкули осон, оғири енгил бўлган аҳоли кайфиятида. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиб, телеграм мессенжери, вилоят ҳокимлиги ишонч телефонидан фойдалана бошлаганимда фақат шикоят ва ариза келиб тушарди, ҳозир эса мурожаатларнинг кўп қисми таклиф ва мулоҳазалардан, раҳматномалардан иборат.

Иккинчидан, тадбиркорликка, даромад олишга, янгилик қилишга иштиёқмандлар, талабгорлар сафи ортаётганида. Ўтган йилнинг ўзида турли бюрократик тўсиқ ёки ҳуқуқий, иқтисодий билимсизлик туфайли тўхтаб қолган 2 минг 57 та субъект фаолияти қайта тикланди. Жорий йилда эса ишбилармонлар сафи 2 минг 638 тага кўпайди.

Учинчидан, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимининг кўпайишида.

Тўртинчидан, чет эллик сармоядорларнинг вилоятимизда корхона очишга иштиёқи кучайганида.

– Эркинжон Оқбўтаевич, тараққиётнинг салмоғи табиийки, инвестиция ва инновацион технологияларга боғлиқ. Шу жиҳатдан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси вилоят иқтисодий муҳитида нечоғли янгилик ярата оляпти?

– Ургутда, умуман, вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланаётган бўлса-да, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ишбилармонларимизнинг бу имкониятларини янада кенгайтирди. Уларнинг халқаро миқёсда ишлаши, андозани хорижга қараб олиши, бугун ва эртанги кунни ҳам халқаро бозор талабидан келиб чиқиб кўра олишига имконият яратди.

Айни пайтда эркин иқтисодий зона учун фақат Ургутда эмас, Пастдарғом, Нуробод туманлари ва Самарқанд шаҳрида жами 918 гектар ер майдони ажратилган. Бу “Ургут” эркин иқтисодий зонаси бутун вилоят иқтисодиётида, саноатида ўз ўрнига эга эканини кўрсатади.

Энди рақамларга эътибор беринг. Ҳозир эркин иқтисодий зонада 53 инвестор томонидан умумий қиймати 221,7 миллион АҚШ долларига тенг 60 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса, 4484 та янги иш ўрни яратилади. Йилига 358,2 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 51,9 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилади.

Ўтган йили ва жорий йил бошидан буён 76,1 миллион долларлик 25 та лойиҳа амалга оширилди, 1 минг 171 та иш ўрни яратилди.

Ана шу рақамларнинг ўзи “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг вилоят иқтисодиёти ва тадбиркорлик муҳитидаги ўрнини кўрсатиб турибди.

– Иқтисодиётнинг мустаҳкамланиши ва барқарорлиги, аввало, аҳоли реал даромадларининг ўсишига, вилоятда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайишига, замонавий турмуш тарзи қарор топишига замин яратади…

– Албатта, бугун вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишларидан кўзланган пировард мақсад ҳам шу – ҳаётимизни ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларимизда бирдек замонавий шарт-шароит яратиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш.

Президентимизнинг ҳеч бир чиқиши йўқки, унда давлат органлари раҳбарларининг халқимизга хизмат қилишдек энг муҳим вазифаси эслатилмаса. Ҳеч бир маърузаси йўқки, унда одамларга муносиб турмуш шароити яратиш мақсади асосий ўринга қўйилмаса. Халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак, деган қатъий талаб, мақсад-муддао ҳам ана шу даъватлар хулосасидир.

Гапни янгидан бунёд этилган, ҳар жиҳатдан замонавий деган талабга жавоб берадиган Самарқанд туманининг Қорасув массивидан бошлай қолайлик.

Бир йил аввал бу маскан очиқ майдон, ҳеч бир коммуникация тизими йўқ ҳудуд эди. Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётгани ва бу эҳтиёжни қондириш учун шаҳар марказида қурилиш меъёрларига тўғри келса-келмаса уй-жой қуриб ташлашдан кўра, шаҳар четидан замонавий аҳоли турар жой масканлари барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ана шу топшириқ асосида ўтган йили Самарқанд тумани Қорасув массивидан Самарқанд шаҳри учун 50 гектарга яқин ер ажратилиб, бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди.

2018 йилнинг ўзида “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 та арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Албатта, шунча уй-жой қурилиб, бу ерга минглаб аҳоли кўчиб келиши ҳисобга олинган ҳолда ҳудудда таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, умуман, аҳоли эҳтиёжи учун нимаики зарурат бўлса, барчасини шу ернинг ўзида яратишга эътибор қаратилди. “Обод маскан” деб номланган маҳалла бугун том маънода замонавий шаҳарча кўринишини олди.

Жорий йил 11 январь куни Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида янги массивда бўлиб, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди ва шаҳарчани янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. Шу асосда айни пайтда бу ерда “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси томонидан 12 та, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан 7 та уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бундан ташқари, хусусий қурилиш компаниялари томонидан хорижий давлатларнинг илғор қурилиш технологиялари асосида 16 қаватли уйлар қурилиши бошланди.

Яна бир эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари Самарқанднинг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланиш мақсадида бундай замонавий кўп қаватли уй-жойларни вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам қуриш зарурлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Ургут ва Тойлоқ туманларида ҳам ипотека кредити асосида арзон кўп қаватли уйлар қуриш ишлари бошланди.

Умуман, жорий йилда вилоятда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайган ҳолда давом этмоқда. Айни пайтда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун 46 массивда 1508 та, алоҳида намуна кўрсатган ёш оилалар учун 70 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун 112 та уй-жой қурилмоқда. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги харбий хизматчилари учун 120 хонадонли 5 қаватли 4 та, Ички ишлар ходимлари учун 5 қаватли 2 та, Миллий гвардия хизматчилари учун 5 қаватли 1 та уй қурилишига киришилди.

– Гап одамларга муносиб турмуш шароити яратиш ҳақида борар экан, Президентимиз ташаббуси билан бошланган ғоят эзгу ташаббус - “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини алоҳида қайд этиш лозим. Айнан мана шу ташаббус самарасида олис ҳудудларда яшовчи аҳолининг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларига ечим топилди. Жумладан, вилоятнинг олис қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам. Шундай эмасми?

– Тўғри таъкидладингиз, бу халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилган тарихий дастурлар бўлди. Унинг самараси дастлабки йилдаёқ бор бўй-басти билан намоён бўлди. Вилоятда 2018 йилнинг ўзида 29 та қишлоқдаги 94 минг аҳолига қулай турмуш шароити яратилди. 9 минг 580 та якка тартибдаги, 13 та кўп қаватли уй таъмирланди. Аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 25 та сув иншооти ва 94,2 км. сув тармоғи қуриш ишлари амалга оширилди. 145 километрлик электр тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. 195 та янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 18 километр табиий газ тармоғи таъмирланиб, аҳолига 4500 дона маиший газ балони етказиб берилди.

Қишлоқлардаги энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланган ички хўжалик йўлларини таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, жами 319 километрлик йўллар соз ҳолатга келтирилди.

Бундан ташқари, 26 та умумтаълим мактаби, 25 та боғча, 16 та соғлиқни сақлаш муассасасида таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 99 та бозор инфратузилма объекти қуриб, фойдаланишга топширилди.

“Обод маҳалла” дастури бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги 4 та маҳаллада 68 та кўп қаватли уй-жой, 47 километр электр, 6 километр табиий газ тармоқлари ва 14 километр ички йўллар таъмирланди. 7 та ижтимоий соҳа объектини қуриш (таъмирлаш) ишлари амалга оширилди.

Яқин йилларгача бир йилда шунча ишни амалга оширишни тасаввур ҳам қила олмасдик. Қишлоқлар аҳолисининг муаммолари йилдан-йилга, дастурдан дастурга ўтиб келарди. Масалага реал қаралса, ресурс ва имкониятлар тўғри тақсимланса, шундай катта ишларни ҳам бажарса бўлар экан.

Бу йил вилоятдаги ҳар бир тумандан учтадан, жами 42 қишлоқда “Обод қишлоқ” дастури асосида, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида эса учтадан – 6 маҳаллада бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Ушбу ҳудудлар учун бу йил ўтган йилдан анча кўп маблағ йўналтирилмоқда.

Шунингдек, бу йил Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари тажрибаси асосида Пахтачи тумани марказини замонавий қиёфага келтириш режалаштирилган. Айни пайтда бу ерда ҳам ишлар бошланган.

– Шу ўринда кейинги пайтда кўп муҳокама этилаётган Самарқанд шаҳридаги қурилишлар, айниқса, кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа бино-иншоотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак…

– Ҳа, тўғри, бу айни пайтдаги энг оғриқли масала бўлиб турибди. Шу пайтгача қандай ёндашилган, нимага асосланиб иш кўрилган, билмадим, аммо бугун Самарқанд шаҳрида қурилиш ишлари олиб бориш, айниқса, кўп қаватли уйлар қуришда нафақат миллий манфаатларимиз, балки халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилаётган меъёрлар ҳам ҳисобга олиниши лозим. Чунки, Самарқанд бир неча асрлик тарихга эга туристик шаҳар. Бу заминнинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир иншооти ва обидаси ўзига хос тарихга эга ва у нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг бойлиги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Самарқанд маданиятлар чорраҳаси сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Бугунги кунда ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда, Самарқанд шаҳрининг бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда, аввало, Самарқанднинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ва уни жаҳон туризмининг асосий марказларидан бирига айлантиришга эътибор қаратилмоқда. Президентимиз яқинда вилоятга ташрифи чоғида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб берди.

Шундан келиб чиқиб, айни пайтда шаҳардаги қурилишларни тартибга солиш, уни белгиланган меъёрларга мослаштириш чоралари кўрилмоқда.

Очиғи, кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги қурилишларда пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловларининг ёпиқлиги соҳада қонунбузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган. Айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат давлатимиз раҳбарининг, қолаверса, халқаро ташкилотларнинг эътирозига сабаб бўлди. Жумладан, 141 та объектда ер ажратиш, қурилиш тартиб-қоидаси ва технологиялари бузилган. Бугунги кунда бу камчиликларни бартараф этишга киришганмиз.

Бунинг учун пойтахтдан мутахассислар билан бирга, кенг жамоатчиликни ҳам жалб қиляпмиз. Ҳозир ҳар ҳафтада икки марта тадбиркор қурувчиларнинг шаҳарда қурилган ва қурмоқчи бўлган бинолари лойиҳаларининг шаҳарсозлик кодекси ҳамда ЮНЕСКО талабларига жавоб берадиган тарзда амалга оширилишини таъминлаш учун шаҳарсозлик кенгашининг очиқ муҳокамасини ўтказяпмиз.

Мақсадимиз шаҳар ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, кўркам қиёфага эга бўлишини таъминлаш. Умуман, бундан кейин Самарқанд шаҳридаги барча қурилиш ошкора амалга оширилади. Объектларнинг қурилиши, режалаштирилишида жамоатчилик ва аҳоли фикри ҳисобга олинади.

Ғолиб Ҳасанов суҳбатлашди.