Ўзимизнинг ноз-неъматларга нима етсин ёки олтинга тенг уруғларимизни ким тиклайди?

Президентимиз раислигида жорий йил 6 август куни Жаҳон банки иштирокида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида мазкур банк томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади. 70 миллион доллар кўчат етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ таркиби таҳлили, зарур минерал ўғитлар тури ва миқдори, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилади.

 Шунингдек, интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар сарфланиб, бунинг ҳисобидан 10 вилоят, хусусан, Самарқандда 300 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилади.

Бу вазифаларни бажариш учун, албатта, сифатли маҳаллий уруғ ва илмий тадқиқот муассасаларида тайёрланадиган кўчатларнинг ўрни беқиёс. Хўш, бизда ҳосилдор кўчат тайёрлаш ва сифатли уруғ етиштириш ишлари қай аҳволда?

Бозорда

Ёзнинг қайноқ палласида бозорларга кирган кишининг кўзи қувнайди. Турфа хил мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, қуруқ мевалар ва ҳоказо. Аммо бирорта бозордан ўзимизнинг синовдан ўтган маҳаллий навдаги мева-сабзавотларни топиш қийин. Кўриниши, харидорбоплиги туфайли олма, нок ва бошқа мевалар хориждан келтирилган. Ҳаттоки, мақтанадиган қуруқ меваларимиз, писта-бодом ҳам Эрону, Конибодомдан келтирилган. Хуллас, бозор айланиб, маҳаллий уруғдан етиштирилган маҳсулотни топишимиз амримаҳол. Оддий булғор қалампиридан аччиқ калампиргача, саримсоқпиёздан оддий пиёзгача, помидордан бодринггача четдан келтирилган уруғники чиқади. Ўзимизнинг уруғларимиз қани? Улар қаерда қолди?

- Ўзбекистонда сабзавотчилик қадимий тармоқ ҳисобланади, - дейди оқдарёлик Наим Ортиқов. – У пахтачилик, боғдорчилик билан бирга ривожланиб келмоқда. Манбаларга қараганда, Ўрта Осиёда қовун 2000 йил илгари, тарвуз, ошқовоқ, бодринг, пиёз, сабзи, қалампир, турп ва бошқа сабзавотлар ундан ҳам олдин экилган экан. Биргина мисол, халқ селекцияси томонидан қовуннинг дунёга машҳур навлари бизда яратилган. “Ризамат” навли маҳаллий, хўраки узумни айтмайсизми? Самарқанднинг машҳур гулоби пиёзлари, шафтолининг эртапишар «Майфлевер» навлари, Иштихонда етиштирилган тилими тилни ёрадиган қовун навлари қани? Пахтачининг «бўри калла»сини тумандан берида кўрмайсиз ҳозир. Ахир ўша ноз-неъматлар бир пайтлар халқимизни дунёга машҳур қилган эди-я.

- Нега шундай бўляпти? – сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Буларнинг бари уруғга бориб тақалади. Очиғини айтадиган бўлсам, қарийб ўттиз йилдан буён уруғчиликка эътибор берилмади. Бозорларимиздаги нархларнинг ошиши ҳам шундан. Уруғ зўр бўлса, меваси ҳам аъло бўлади-да.

Тобеликдан қандай қутулиш мумкин?

Юртимизда етиштирилган мева-сабзавотларнинг донғи бутун дунёга таралгани рост. Ҳатто ўзимизда боғбону миришкор, соҳибкорлар томонидан етиштирилган уруғлардан олинган ноз-неъматларнинг мазаси ҳам, сифати ҳам юқорилиги кўп жойларда тан олинган. Заминимизда етиштирилган уруғларнинг униб чиқиш энергияси юқорилиги билан ажралиб туриши илмий асосланган.

Ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти бўла туриб, том маънода олтинга тенг уруғларнинг хориждан олиб келиниши, халқ тили билан айтганда, бемаза уруғнинг кўпайишига, алал-оқибат нархларнинг қимматлашишига сабаб бўлмоқда. Гапимиз асосли бўлиши учун қишлоқ хўжалиги вазирининг бу ҳақдаги фикрини келтирмоқчимиз.

«Менга айрим деҳқонлар бу йил уруғ танқис бўлди, олиб кела олмаяпмиз, де­йишяпти. Биз ҳозир Голландия, Германия, Франция, Туркия, Бельгия, Исроил, Россия каби мамлакатлардан уруғ олиб келяпмиз. Ҳисоблаб чиққанмиз, ҳар йили қарийб 20 минг тоннадан ортиқ сабзавот уруғлари чет элдан келтирилади. Бу асосан картошка уруғи…»

Яна бир факт. Уруғчиликни ривожлантириш марказида бўлиб ўтган бир йиғилишда қишлоқ хўжалигининг муҳим соҳаси бўлган сабзавот ва полиз экинлари уруғчилигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати талабга жавоб бермаслиги айтиб ўтилди. Уруғчилик фермер хўжаликларининг моддий-техника базаси маънан эскирган, малакали мутахассислар етишмайди, мамлакатда етиштирилаётган уруғларнинг экин турлари, навлари ва миқдори бўйича ягона база йўқ ва ҳоказо.

2018 йил 27 апрелда давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилинди. Унда қишлоқ хўжалиги ва бошқа экинларнинг уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, шунингдек, нав ва уруғлик назорати озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланиши таъкидланди. Бу борада бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги «Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 5 сентябрда «Ўзбекистон Респуб­ликаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари эълон қилинди. Ҳукуматнинг тегишли қарорига биноан 6 вилоятда, жумладан, Самарқандда ҳам уруғчилик кластерини ташкил этиш белгиланди. Марказнинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.

Хўш, ушбу бошқармада ишлар қандай олиб борилмоқда?

Ишимиз ҳали олдинда

- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарори билан вилоятда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги тизимини ривожлантириш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, - дейди “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат корхонаси вилоят бошқармаси раҳбари Зайниддин Наҳалов. - Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилиги ва кўчатларини ташкил этиш учун вилоятда 300 гектар суғориладиган ер майдони ажратилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни уруғлик билан таъминлаш мақсадида туман марказларида уруғлик материалларини реализация қилиш шохобчаларини қуриш учун ер майдони берилади.

Қарорга асосан  туманларда 5 та “Элита уруғчилик хўжаликлари”  масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Ҳар бир  МЧЖда пахта, ғалла, сабзавот экинлари экилиб, жами 522,3 гектар майдонда парвариш қилинмоқда. Бугунги кунда элита хўжаликларида ғўзанинг бештадан юқори авлодли навлари парвариш­ланяпти.

Кузда экилган 3 гектар майдонга пиёзнинг «Спанеж» навидан оналик материаллар экилиб, 1 тоннадан зиёд сара уруғ йиғиштириб олинди. Бу эса келгуси йилда 625 гектар майдонни юқори авлодли пиёз уруғи билан таъминлайди. Бундан ташқари, помидор, бодринг, сабзи, шолғом, турп, беда, маккажўхори, хашаки лавлагининг юқори авлодли уруғлари етиштирилмоқда.

Жомбой туманида “Фарбома селект” илмий уруғчилик фермер хўжалигида донли экинлар селекцияси ва бирламчи уруғчилик йўлга қўйилган. Бу ерда серҳосил, унумдор буғдой ва арпанинг янги навларини кўпайтирилмоқда. Илмий уруғчилик фермер хўжалигида яратилган “Жасмина” навли ғалла уруғи бу йил вилоятимизда 10 минг гектардан зиёд майдонда экилиб, юқори ҳосилдорликка эришилди. 2020 йил ҳосилидан янги «Фарбома» навидан ҳар гектаридан 70-80 центнергача уруғлик дон олинди.

Рақобатбардош навлар кўпаяди

- Бошқарма сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларини етиштириш, қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади, - дейди сабзавотчилик ва полизчилик уруғчилиги бўлими бошлиғи Элбек Муродов. - Биз учун янги тармоқ бўлганлиги учун республикамизда мавжуд сабзавот ва полиз экинлари уруғлари коллекциясидан унумли фойдаланган ҳолда инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига уруғчиликни ташкил этиш ҳамда ички бозорни таъминлаб, экспортбоп уруғларни етказиш йўлга қўйилади.

Келажакда сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларини четдан олиб келинишини тўхтатиб, рақобатбардош маҳаллий нав ва дурагайни кўпайтириш тизимини шакллантирамиз.

Вилоятдаги элита уруғчилик хўжалик­ларида сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларининг унувчанлигини, сифатини аниқлаш мақсадида мини лабораториялар ташкил этамиз.

“Уруғчиликни ривожлантириш маркази” фаолиятини сабзавоткор туманларда тубдан такомиллаштириш мақсадида ҳар бир туманда уруғчи сабзавотчи-агроном штати жорий этилади.

Хориждан валютага олиб келинаётган уруғлар фермер хўжаликлари учун қимматга тушмоқда. Айрим вақтлари уруғлик етиб келиши анча вақтга кечикиб, экиш муддати ўтиб кетмоқда. Баъзан уруғлик экилган ғалла майдонларни товар донга топшириш  ҳолатлари ҳам учрамоқда. Уруғлик ғаллани дорилаш, саралаш, тозалаш ва сақлаш цехларида назоратни кучайтирмасак сифатли уруғ олишимиз қийин бўлади.

Уруғлик картошка импортидан қандай фойдаланиш мумкин?

Бу борада Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессори Иброҳим Эргашев республикада картошка уруғчилиги ҳолати, муаммолари, ечимлари ва уни яхшилаш борасида ўз таклифларини билдирди:

- Республика аҳолисининг картошкага бўлган эҳтиёжини йил давомида қондириш учун 150 минг гектар майдонда картошка экилади. Ўртача ҳосилдорлик бир гектар майдондан 180-200 центнерни ташкил этиб, 2,8-3 миллион тонна атрофида картошка етиштирилади. Ушбу майдонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш учун ҳар йили 450 минг тонна картошка талаб этилади.

Ҳосилдорликни ошириш мақсадида рес­публикага ҳар йили валюта эвазига катта миқдорда уруғлик картошка импорт қилинади. Жумладан, 2017 йилда 22,3 минг тонна (15,2 миллион АҚШ долларлик), 2018 йилда 34,2 минг тонна (20,2 миллион АҚШ долларлик) уруғлик картошка импорт қилинган бўлса, 2019 йилда 12 минг тонна уруғлик Беларусь, Германия, Эрон, Ирландия, Қозоғистон, Қирғизистон, Голландия, Покистон, Россия, Туркия, Франция каби мамлакатлардан келтирилган.

Ҳозирда картошка уруғчилиги олдида бир қанча муаммолар бор. Бу, биринчи навбатда мўътадил иқлим экини бўлган картошканинг иссиқ иқлим шароитида уруғлик сифатининг тез пасайиши бўлса, иккинчидан, бирламчи ва оммавий уруғчиликнинг етарлича йўлга қўйилмаганлиги билан боғлиқ.

Маҳаллий шароитларда бирламчи уруғчилик талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, бундан ташқари, агротехник талабларга тўла риоя қилинмаслиги картошкачиликнинг асосий муаммоларидан ҳисобланади.

Четдан келтирилаётган навлар ассортиментининг кўплиги ва ҳар бир навнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда агротехник тадбирлар қўлланилиши лозимлиги фермерлар учун қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам вилоятда бошланғич ва элита уруғчиликни ўзимизда яратилган навлар асосида ташкиллаштириш, келтириладиган навларнинг сонини камайтириб фақат синовдан ўтган, вилоят тупроқ, иқлим шароитига мосларини олиб келиб, картошка ҳосилдорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш лозим.

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида картошка уруғчилиги вируссиз асосда ташкил этилган. Тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, Ўзбекистон шароитида бундай асосда етиштирилган элита ҳосилдорлиги одатдаги усулда етиштирилган элита уруғларига нисбатан 25-30 фоиз юқори ҳосил беради.

Вируссиз асосда картошка уруғчилигини ташкиллаштириш учун биотехнологик лаборатория, 1 гектар иссиқхона, соғломлаштириш лабораторияси учун баъзи асбоб-­ускуналар, сунъий озуқа муҳити ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи учун маблағ талаб этилади.

Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вилоятимизнинг Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманлари хўжаликларида уруғлик картошка, жумладан, картошканинг суперэлита авлодини етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудлар сифатида Булунғур туманининг Фозил Йўлдош, Ҳамид Олимжон, Килдон, Навоий ва Махсумов маҳаллалари белгиланган. 

Қарор ижросини таъминлашда, аввало, вируссиз картошка уруғи етиштиришга ихтисослашган хўжаликларни сифатли материал билан таъминлаб, учки меристема усулидаги лабораториялар ташкил этиш лозим. Иккинчидан, бирламчи ва оммавий уруғчилик ишларида ихтисослашган кластер ва фермер хўжаликларида малакали мутахассислар бўлиши зарур. Учинчидан, уруғчилик хўжаликларида давлат нав ва уруғ назорати махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар томонидан ўтказилиши лозим. Тўртинчидан, уруғлик ҳужжатларининг такомиллаштирилиши ва уларга тўлиқ риоя этилиши, унинг сифати, дала агротехникаси билан бевосита боғлиқлиги уруғчилик учун сувли, юқори унумдор, алмашлаб экишни ва барча технологик жараёнлар сифатли ўтказилишини таъминловчи майдонлар ажратилиши зарур.

Импортни камайтириб, маҳаллий навларга эътибор қилиш зарур

Хидирали Ботиров, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори:

- Ҳосил юки, унинг сифати, аввало, уруққа бевосита боғлиқки, шу боис соҳа фаолияти «Уруғчилик тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинган. 

Афсуски, қонунда белгиланган маҳаллий навлар генофондини сақлаш, сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш, алмашлаб экишда уруғлик учун унумдор, жойлашуви қулай майдон учун етарли сув, озиқ моддалар захирасини яратиш ва малакали мутахассислар билан таъминлашдек масалалар эътибордан четда қолган.

Тўғри, ўтган даврда четдан кўплаб навларнинг кириб келиши маҳаллий навларимизга ўз таъсирини кўрсатди. Шароитимизга мос келмаса-да, ҳозирга қадар ҳийла машаққат ва исрофгарчилик билан деҳқонларимиз катта маблағ эвазига импорт уруғлик олиб экмоқда. Фикримча, аграр соҳада уруғчиликни янада яхшилаш учун селекция йўли билан яратилган навларнинг бирламчи уруғчилигига эътибор бериш лозим.

Қолаверса, четдан келтириладиган навларнинг ўта қимматлиги, шароитга мос келмаслиги ва келтиришдаги исрофини ҳам ҳисобга олиш зарур. Мамлакатимизда яратилган маҳаллий навлар генофондига эътибор қаратиш ва маҳаллийлаштирилган янги, серҳосил ҳамда сифатли навларни кенг майдонларда экиш зарур.

Шундай қилинса дастурхонимизни мўл-кўл ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмасдан ўз ноз-неъматларимизни ҳеч иккиланмай четга чиқаришни кўпайтиришга эришишимиз мумкин.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон” мухбирлари.