ЎзЛиДеП: сунъий интеллект, нанотехнологиялар каби илғор тармоқларни ривожлантириш тарафдоримиз

"Ургут" Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг ургутлик тадбиркор, йирик компаниялар вакиллари ҳамда ишбилармонлар билан учрашуви ўтказилди.

Партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов партиянинг сайловолди дастури билан таништириб, бу йилги сайловда “Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” деган мақсад билан иштирок этилаётгани, бунинг учун 5 мақсад, 500 вазифадан иборат сайловолди дастури қабул қилиниб, ушбу дастур Президентимизнинг “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари асосида олиб борилаётганини таъкидлади.

- Сайловолди дастуримизда белгиланган "Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва шу орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробарга, меҳнат унумдорлигини 2 баробарга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўриш" борасида лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз, - деди А.Ҳайитов. - Жумладан, рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш, "Чип саноати", сунъий интеллект, нанотехнологиялар каби илғор тармоқларни ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш масалалари партиямизнинг диққат марказида бўлади. Шунингдек, кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратамиз. Салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратишни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

Учрашувда партия сайловолди дастуридаги бошқа муҳим вазифаларга ҳам эътибор қаратилиб, иштирокчилар 27 октябрь куни бўладиган сайловда ЎзЛиДеП учун овоз беришга чақирилди.