Озодлик ҳайкалини ким ясаган?
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Озодлик рамзи бўлган ҳайкални ким ясагани ва қачон ўрнатилганини кўпчилик билмаса керак. Озодлик ҳайкали Нью-Йоркда 1886 йил 26 октябрда ўрнатилган, 28 октябрь куни эса унинг очилиш маросими бўлган.
Уни Франция ва АҚШ дўстлиги рамзи сифатида француз ҳайкалтароши Фредрик Огюст Бартольди яратган. Ҳайкал Нью-Йоркка четдан оқиб келаётган сон-саноқсиз муҳожирлар учун ташриф қоғозини ҳам англатган. Озодлик ҳайкалининг яратиш ғояси 1865 йилда Франция Республикасини Америка қитъасида танитишни орзу қилган бир гуруҳ французлар томонидан туғилган.
Озодлик ҳайкали орқали французлар Атлантика океани ортидаги буюк республикадан, яъни Америкадан фахрланишларини билдиришни исташган. Лойиҳани бажаришни ёш ҳайкалтарош Фредрик Огюст Бартольди ўз зиммасига олади. Озодлик ҳайкали мустақиллик учун курашга отланган халқнинг орзу-умидларини ифодалаган эди.
Дарвоқе, ҳайкалнинг бўйи 93 метр, оғирлиги 205 тонна (таг қисмисиз 178 тонна) бўлиб, ҳайкалда акс этган "машъала кўтариб турган озод аёл" кўрсаткич бармоғининг узунлиги 2,4 метр, машъала эса 8,8 метрдан иборат.
Амитиснинг осма боғлари
Дунёнинг инсон қўли билан яратилган етти мўъжизаси ҳақида эрамизнинг IV асрида Филен Визонтийский биринчи бўлиб ёзган, улардан бири Бобилдаги осма боғ эди.
Бобил подшоси Навуходоносор Мидия (Эрон)дан уйланган малика ёш Амитисни жуда севарди. Амитис ўз гўзал юртини соғинарди. Шунда подшо унга Мидияни эслатиб турувчи ажойиб боғ яратишга фармон беради. Бобилда айлана пиллапоялар қурилиб, унда ажойиб гуллар, ўсимликлар яшнаб турар, атроф қояли тоғларни эслатарди. Гуллар ва дарахтлар қуриб қолмаслиги учун юзлаб қуллар тинимсиз уларни суғориб туришарди. Кейинчалик боғлар «муаллифлиги» Бобил маликаси Семирамида номига ўтди. У Новухондонсоргача ҳукмронлик қилганди.
Мўъжиза осма боғлар кейинчалик сув тошқинида вайрон бўлди, аммо таназзулга юз тутган империяда уни тиклайдиган киши топилмади.
Т.Шомуродов тайёрлади.