Пандемия шароитида овоз бериш қандай ташкил этилади?

7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишида дастлаб Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 25 август куни тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича Йўриқнома”да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Комиссия раиси ўринбосари О.Тошниёзов Йўриқномада сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари учун карантин қоидаларига риоя қилиш талаблари акс эттирилганини таъкидлади.

– Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим, – деди О.Тошниёзов. – Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади. Сайлов округи ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилади.

Мажлисда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан тавсия этиладиган рўйхат асосида участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда комиссия аъзоларининг масъулияти ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Округ ҳудудий матбуот маркази.