“Пақилдоқ” ўйинчоқ эмас, болажон!
Бундан анча йил аввал “пақилдоқ” овозидан ҳушидан кетиб, йиқилган, ҳатто вафот этган кишилар ҳақида эшитиб қолардик. Афсуски, кейинги кунларда кўча-кўйда, маҳаллаларда, жамоат жойларида пиротехника воситалари яна қулоқни қоматга келтирмоқда.
Мутахассислар фикрича, пиротехника воситалари тез ёнадиган моддалардан тайёрланади ва уларнинг деярли барчаси ёнғин чиқиш хавфи юқори бўлган буюмлар ҳисобланади. Шу боис бу матоҳ болалар қўлига тушиб қолса, фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин.
Табиийки, пиротехниканинг аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган контрафакт маҳсулотлари эканлигини, бир дамлик кўнгилхушлик катта кўнгилсизликлар келтириб чиқаришини болалар билмайди. Бироқ уни кўздан пана қилиб сотаётганлар-чи? Наҳот улар ноқонуний савдо ортидан чўнтагини қаппайтиришни тинчлик-хотиржамлик, саломатлик каби бебаҳо бойликлардан афзал билса?!
Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, бу матоҳдан уни оддий ўйинчоқ деб билган болалар кўпроқ жабр кўради. Улар орасида куйиш, турли тан жароҳатлари олиш ҳолатлари, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар ҳам учрайди.
“Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда республикамизга олиб киришнинг олдини олиш борасида қатъий чоралар белгиланган.
Савол туғилади: унда бундай воситалар юртимизга қайси йўллар билан кириб келмоқда? Улар болаларнинг қўлига қандай тушиб қоляпти? Бу саволларга мутасадди идоралар вакиллари асосли жавоб берар, аммо жамоатчилик ҳам бу борада четда турмаслиги зарур. Зеро, Янги йилни хушнуд кутиб олишда барчамиз масъулмиз.
Дилшод КАРИМОВ.