Париж-2024 лицензиатлари: Тахмина Икромова. Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистонга илк йўлланмани тақдим қилган самарқандлик спортчи

26 июлдан 11 августга қадар Франциянинг Париж шаҳрида ёзги олимпия ўйинлари ўтказилади. Мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган самарқандлик спортчилар сони ҳозирча 14 нафарга етди. Спортчиларимиз ва уларнинг эришган ютуқлари ҳақида каналимизда маълумотлар бериб борамиз.

Тахмина Икромова Ўзбекистонга илк йўлланмани тақдим қилган. У 2004 йил 6 август куни Самарқандда туғилган. Бадиий гимнастика бўйича 2016 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Лилия Власова. 2021 йилдан халқаро майдонда муваффақиятларга эришишни бошлаган. Шу йили у Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида 1 та олтин ва 3 та кумуш медалга сазовор бўлган.
Ҳозиргача унинг ҳисобида қитъа биринчиликларининг 11 та олтин ва 4 та кумуш медаллари мавжуд. Жаҳон кубоги босқичларида эса 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини жамғарган.

Тахмина Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг қаҳрамонларидан бирига айланди. У яккалик ва жамоавий дастурларда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиб, делегациямизга 2 та олтин медални тақдим қилди. Кўрсатган натижалари эвазига 2023 йил “Ўзбекистоннинг энг яхши аёл спортчиси” деб топилди.

Тахмина 2023 йил август ойида Испаниянинг Валенция шаҳрида ўтган жаҳон чемпионати орқали Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига илк йўлланмани олган.