Паст Дарғомда 300 тонна сиғимга эга музлаткич ишга туширилди

Тумандаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” кўп тармоқли фермер хўжалиги бугун ўзи етиштирган маҳсулотни четга экспорт қилиш учун сиғими 300 тонналик балиқ сақлашга мўлжалланган музлаткични ишга туширди.

Ушбу музлаткич фаолиятини йўлга қўйиш учун хўжалик ўз ҳисобидан 150 миллион сўм, “Ипотека” банкнинг туман филиалидан олган 56 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларни сарфлади. Музлаткич жиҳозлари Туркия давлатидан келтирилди.

2014 йилда 4 гектар ерда балиқ етиштиришни бошлаган ушбу фермер хўжалиги бугун 16 гектар ерда 8 турдаги балиқларни боқмоқда. Шунингдек, хўжалик туманда балиқ човоқларини етиштириш бўйича таъминотчи ҳисобланади. Айни пайтда хўжаликда 1,5 гектар ерга балиқчилик лабораторияси ташкил этилган бўлиб, унда 4 турдаги балиқ човоқлари етиштирилмоқда.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.