Паст Дарғомда имтиёзли кредитни талон-торож қилган оилавий корхона аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан АТБ “Микрокредитбанк” Жума филиалининг мурожаатига асосан "M.B.” оилавий корхонасида терговга қадар текширув ўтказилган.
Маълум бўлишича, фуқаро А.Н. онаси номига “M.B.” оилавий корхонаси ташкил этиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналарини олиш мақсадида банкдан 400 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, харид қилган ускуналарни нақд пулга сотиб юбориш йўли билан кредит маблағини талон-торож қилган. Банк филиали бошқарувчисининг собиқ ўринбосари К.Н. эса кредит гаров таъминотига қўйилган автотранспорт воситасини тақиқдан чиқариб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.