Пахта-2020: Самарқандлик пахтакорлар белгиланган 215 минг 500 тонна ҳосилни териб олдилар

1 ноябрь куни вилоятимиз пахтакорлари бу йилги пахта шартномасини ортиғи билан бажардилар.

Жорий мавсумда вилоятда 75,6 минг гектар ерда ғўзанинг серҳосил, маҳаллий иқлимга мос навлари парваришланди. Соҳага янги тизим - кластер тизимининг жорий этилгани ўз самарасини кўрсатди. Бу истиқболли тизим туфайли ғўзага ўғит бериш, зараркунандаларга қарши курашиш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш ўз вақтида амалга оширилди. Шунингдек, ишлов муддатларига тўла риоя қилиниши ва албатта меҳнатга ҳақ тўлаш, юқори манфаатдорлик муваффақият омили бўлди.

Шу боис шартнома режасининг бажарилишида 2120 та фермер хўжаликлари билан бир қаторда вилоятда фаолият кўрсатаётган тўққизта пахтачилик кластерининг улуши катта бўлди. Хусусан, "Пахтачи кластер", "Ziyovuddin Textile", "Amina gold invest", "Kattakurgan cluster" ва бошқа кластерлар юқори ҳосил етиштириб, пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олиш чораларини кўрдилар.

Пахта терими ишлари  ҳам тўғри ташкил этилди. Бунда манфаатдорлик бош омил бўлди. Биринчи теримда ҳар килограмм пахта хомашёси учун 1000-1200 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан ҳақ тўланди. Кейинги кунларда кластер ва фермер хўжаликлари терилган 50 килограмм пахта учун 1 литрдан ёғ қўшиб беришди.

Пахтачиликка шу каби ёндашув туфайли вилоятимизда 215 минг 500 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди. Муҳими, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди.

Бу муваффақиятда Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон ва Нуробод туманларининг улуши катта бўлди. Жумладан, Пахтачи тумани пахтакорлари жорий мавсумда 24,9 минг тонна "оқ олтин" териб олишни режалаштириб, амалда қарийб 26,5 минг тонна пахта йиғиб олди. Каттақўрғон тумани пахтакорлари эса 31,8 минг тонна ўрнига 35 минг тонна пахта териб, белгиланган режани 10 фоиз ортиғи билан уддалади.

Шунингдек, Иштихон, Нуробод, Нарпай туманлари пахтакорлари ҳам шартнома режасини ортиғи билан бажариб, вилоят пахта хирмонининг бунёд этилишида муносиб ҳисса қўшдилар.

Ҳали вилоятимиз пахта далаларида ҳосил бор. Деҳқонларимиз қуёшли кунларнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, етиштирилган ҳосилни охиригача йиғиб-териб олишга бел боғлаганлар.