Пахтачида терговчига пора таклиф қилган шахс ушланди
2020 йилнинг 18 март куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувида бўлган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тузилган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи бир неча фуқароларнинг яшаш уйлари ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида туманнинг Зарафшон маҳалласи, Истиқлол кўчасида яшовчи 43 ёшли З.Ж.нинг яшаш уйидан таркибида олтин моддаси бўлиши мумкин бўлган 950 килограмм тошлар борлиги аниқланган.
Пахтачида терговчига пора таклиф қилган шахс ушланди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, терговчи унга бу ҳаракати ноқонунийлиги, пора олиш-бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан, фуқаро З.Ж. 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришини такроран маълум қилган.
Терговчи ўзининг уяли алоқа воситасига З.Ж. билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ёзиб олган ва уни DVD дискка кўчириб, З.Ж.га нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, вилоят ИИБ бошлиғининг номига билдирги билан мурожаат қилган.
Мазкур билдирги асосида 2020 йил 18 март куни тахминан соат 15:00 ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З.Ж. Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ходимларининг хизмат хонасида 7.000.000 сўм миқдоридаги пулларни терговчига пора тариқасида берган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани прокуратураси томонидан фуқаро З.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.