Пахтачилик ўқувчи инглиз тили бўйича республикада энг яхши натижага эришиб, олтин медаль ва хорижга саёҳат йўлланмасини олди

Республика Математика ва инглиз тили олимпиадаси 2024 (IRN — Republic Mathematics and English Olympiad 2024) танлови финал босқичида Пахтачи ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Мадина Абдусаматова 10-синф ўқувчилари ўртасида инглиз тили бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Пойтахтда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Мадина Абдусаматовага олтин медал, диплом ва Дубайга саёҳат йўлланмаси топширилди.

Маълумот учун, ушбу олимпиада республика миқёсида 1-11 синфлар ўқувчилари ўртасида ҳар бир ёш тоифасида уч босқичда бўлиб ўтди. Саралаш, ярим финал босқичларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар финалда ўз билимларини синовдан ўтказишди. Самарқанд вилояти шаънини ҳимоя қилган Мадина Абдусаматова инглиз тили бўйича энг юқори баллни эгаллаб, ўз тенгдошлари орасида тенгсиз, деб топилди.

Мадина Абдусаматова ҳақида ўтган йили ҳам сайтимизда ёзгандик. Ўшанда у IELTS дан 7,5 бални қўлга киритган эди.