Пахтачиликлар ҳам навоийликларга берилган имтиёзга эгами?
Парламент қуйи палатасига вилоятимиздан сайланган депутат Шербек Бўронов билан суҳбатимиз сайловчиларнинг қайси муаммоларини ҳал қилиб бергани, улар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ишлари хусусида бўлди.
- Парламент қуйи палатаси депутатлигига вакиллик органида бир кун ҳам тажрибага эга бўлмасдан сайландингиз. Бу ҳолат ва ёшингиз фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда?
- Тўғри, Қонунчилик палатаси депутати учун тажриба жуда муҳим аҳамиятга эга. Гарчи депутатлик тажрибам бўлмаса-да, шу пайтгача реал ҳаётнинг ичида эдим. Фаолиятимиз бўйича қонунлар, қарорлар одамларга қанчалик манфаат келтираётгани ҳақида маълум хулосаларга эга бўлдим.
Бундан ташқари, 35 ёш устозлардан маслаҳат ва куч олиб, айни қизғин ишлайдиган, елиб-югурадиган давр, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳозирги ёшим фаолиятимга фақат ижобий таъсир этади. Чунки парламент қуйи палатасида қонун лойиҳалари муҳокамаларида қатнашиш учун жуда кўп ҳужжат ва маълумотлар билан танишиб, таҳлил қилиш керак бўлади.
- Ўтган давр мобайнида сайловчиларингизнинг қандай аниқ муаммоларини ҳал қилиб бердингиз?
- Ўзим сайланган ҳудудда яъни, Нарпай тумани Дўстлик маҳалласидаги 43-мактаб 1982 йилда, Ипак йўли маҳалласидаги 30-мактаб 1992 йилда қурилган. Иккита мактаб ҳам ўтган йиллар давомида мутлақо таъмирланмаган. Депутатлигимнинг илк кунлариданоқ ушбу масалани ҳал қилишга киришдим. Таълим муассасаларини қайтадан тўлиқ реконструкция қилиш учун мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбордим.
Натижада иккита мактаб ҳам манзилли рўйхатга киритилиб, давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ асосида қайта таъмирланди.
Пахтачи тумани Чоргуша маҳалласида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун қишлоққа қўшимча янги трансформатор пункти, 25 та темир бетон устун ўрнатилиб, 650 метрдан зиёд паст ва юқори кучланишли ҳаво линиялари тортилди. Ҳайит Элбеги маҳалласида ҳам шундай ишлар амалга оширилди.
Умуман олганда, сайловчиларимнинг, менга мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг муаммосини баҳоли қудрат ижобий ҳал этишга, улар ишончини оқлашга ҳаракат қиляпман.
- Парламент қуйи палатаси депутати сифатида қайси ташкилотлар фаолияти Сизда салбий таассурот қолдирди. Нима учун?
- Парламентдаги ўтган тўққиз ойдан зиёд давр мобайнида бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитдик. Уларнинг барчасига давлат раҳбарияти томонидан аниқ ва муҳим вазифалар белгилаб берилган. Фаолиятда натижалар ҳам, ўзига яраша камчиликлар ҳам бор, албатта.
Аммо бу салбий муносабатда бўлиш учун асос бўлмаса керак. Агар камчиликлар кейинги ҳисоботлар даврида ҳам бартараф этилмаса, ўшанда бирор бир ташкилот номини айтиб, асослаб беришим мумкин бўлади, деб ўйлайман.
- Шу пайтгача айнан Сиз томонингиздан билдирилган қандай таклифлар қонунларда ёки қонун лойиҳасида ўз аксини топди?
– Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Келинг, битта аниқ мисолни айтаман.
Жорий йилнинг март ойида Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида (шу фракция аъзосиман) “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кескин баҳс-мунозара, тортишувлар билан танқидий кўриб чиқилди.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда, кўк ёки кўк ва қизил рангли товланувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит берганлиги учун ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг беш баравари, яъни 1 миллион 115 минг сўм жарима белгиланган. Қонун лойиҳасида ушбу жарима миқдорини БҲМнинг ўн баравари миқдорига (2 230 000 сўмга) ошириш таклиф қилинган.
Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, жаримани базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари даражасида белгилаш таклифи берилган. Фракциямиз аъзолари қатори мен ҳам жаримани оширишга қарши эканлигимни билдирдим. Нега?
Пойтахтимизда, туман ва шаҳар марказларида автомобиль йўллари талаб даражасида эмаслиги, республикамизнинг барча ҳудудларида транспорт қатнови кўпайгани, йўллар бундай юкламага тайёр эмаслиги сабабли тирбандликлар юзага келмоқда. Мажбурий тирбандлик ҳолатларида ҳайдовчилар қандай қилиб махсус транспорт воситаларига йўл бериши мумкин? Бу ҳайдовчининг айби эмаску?..
Шу ўринда яна бир гап. Қонун ташаббускорлари хориж давлатлари, жумладан, Сингапурда жарималар биздагидан юқори эканини пайқабди. Лекин у давлатда аҳолининг ўртача даромади қанча-ю бизда қанча?.. Махсус транспорт воситаларига йўл бермаганлик учун жарима миқдори Россия Федерациясида 10 бараварга оширилган (750 минг сўмга тўғри келади), аммо бу бизда амалда бўлган энг кам жарима - 1 миллион 115 минг сўмдан ҳам оз. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори Франция ва Германия каби давлатларда ҳам биздагидан паст. Қозоғистон, Молдова ва Озарбайжонда эса жарима миқдори биздагидан қарийб 2 баравар кам.
Демак, жарималар миқдори аҳоли даромадига узвий боғлиқ бўлиши шарт. Шу ва бошқа кўплаб асосларга кўра қонун лойиҳаси қабул қилинмади.
- Қонунчиликка Самарқанд ёки айнан сизнинг сайловчиларингиз манфаатлари билан боғлиқ яна қандай таклифларингиз бор?
- Пахтачи тумани Самарқанд шаҳридан 140 километр узоқликда жойлашган, 143,9 мингдан зиёд аҳолининг аксарият қисми асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Муаммо шундаки, туман Навоий шаҳрига анча яқин жойлашган. Шаҳардаги “Навоий кон-металлургия”, “Навоийазот”, “Навоийэлектркимё”, “Қизилқумцемент” каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳавога чиқараётган заҳарли газ ва чиқиндилари туман аҳолиси саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиб келяпти. Лекин етказилаётган зарар учун ҳеч қандай устама ёки бошқача шаклда ижтимоий ҳимоя чоралари белгиланмаган. Ваҳоланки, бундай имтиёзга эга бўлган Навоий шаҳри маркази билан Пахтачи туманининг чегараси бор-йўғи 14-15 километрни ташкил этади, холос.
Шу боис, сайловчиларимнинг талаби ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган низомнинг 1-иловасидаги туманлар рўйхатига Пахтачи туманини ҳам киритиш бўйича ҳукуматга таклиф киритдим.
Маълумки, бола парвариши муддати, аёлга туғиш ва ундан кейинги давр учун берилган таътил (жами 126 кун) иш стажига киритилмайди. Бу албатта, кейинчалик пенсия миқдорига салбий таъсир қилади. Биз буни ҳуқуққа, ижтимоий ҳимоя ва адолат тамойилига, фарзанд тарбияси учун борини бахшида этишга тайёр оналар манфаатларига зид, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун “декрет таътиллари” даврини тўлиқ меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини тайёрлаяпмиз.
Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.