Пахтачини Дабусия деб номлаш керак

Пахтачи тумани тарихий жойларидан энг қадимгиси Дабусия шаҳри ҳисобланади. Тарихий манбаларда бу шаҳар хақида кўплаб маълумотлар бор. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Дабусия тўғрисида қисқа ва қизиқарли маълумот келтирилганлигини кўришимиз мумкин: “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқларидан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Харқонруд, Вардона, Таровча, Сафна ва Исвоналар ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд (Пойканд) эди. Шаҳар (“Қалъайи Дабусий”) “Дабусий қалъаси” бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар”.

Ушбу маълумотнинг қизиқ жиҳати шундаки, подшоҳнинг турар жойи Пойкент қишлоғида бўлган. Қалъайи Дабусий эса шаҳар ҳисобланган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида келтирилишича: “1493 йилда шаҳар (Дабусия) атрофида Шайбонийхон томонидан Аҳмад Мирзонинг укаси, Бухоро ҳукмдори Боқи Тархоннинг қўшини қириб ташланган”. Лекин Шайбонийхонга Дабусияни эгаллаш насиб этмаган ва унинг рақиблари тезда шаҳарни қайтариб олган.

X асрда Мовароуннаҳрга келган араб сайёҳи Ибн Ҳавқал Дабусия аҳолиси деҳқончилик ва тўқимачилик билан шуғулланиши борасидаги қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Дабусияда деҳқонлар етиштирган пахтадан “Ведари” навли газлама ишлаб чиқарилган. Юмшоқ, сарғишранг бу мато жуда пишиқ бўлиб, ювилганида ранги кетмаган. Бу мато Хуросонда жуда машҳур бўлиб, “хуросон парчаси” деб аташган. Ундан амирлар, вазирлар ва аслзодалар либос тиктириб кийганлар. Дабусия ҳунармандлари яратган юмшоқ ва пишиқ газламадан тўқилган либосларни асосан амалдорлар кийган. Ҳатто Бағдодда ҳам бу газламаларни ниҳоятда қадрлашган. Бошқа юртларда ишлаб чиқарилган газламалар 1 динордан сотилган бўлса, Дабусияда тўқилган газламалар 2 динордан 10 диноргача баҳоланган.

Дабусияда тўқимачилик билан бирга заргарлик ва кулолчилик ривожланган бўлиб, бу ерда пахта ва жундан тўқилган матолар ва теридан ясалган маҳсулотлар, заргарлик тақинчоқлари, кулоллар томонидан ясалган идиш-товоқлар бежиримлиги, сифатлилиги билан ажралиб турган. Бу маҳсулотларнинг бозори чаққон бўлганлиги боис Шарқу Ғарб бозорларини безаган.

Ибн Ҳавқалнинг “Мовароуннаҳр” асарида ад-Дабусиййада Уммавийлар даврида (7 аср) араб қўшинларининг қароргоҳи жойлашганлигини айтади. Шаҳарнинг номи исломдан олдин ҳукм сурган Дабуса исмли подшоҳ номи билан боғлиқ. ад-Дабусиййа атрофида унга қарашли Бутанин, Рағин, Кандукин номли қишлоқлар бўлган. Карминийадан (ҳозирги Кармана тумани) ад-Дабусиййагача бўлган масофа 1 марҳал эканлиги қайд этилган.

Нумизматик – тангашунос олим Борис Кочневнинг маълумотларига кўра, 423-428 ҳамда 1031-1036 йилларда Дабусияда “Қутлуғ Ўрда ад-Добусия” деган ёзувли тангалар – дирҳамлар зарб этилган. Ушбу тангалар савдо-сотиқда кенг қўлланилган.

1970 йил Тошкентда нашр қилинган “Ўзбекистон ССР тарихи” китобида “Мўғуллар Бухорода ғоятда кўп асирлар олдилар. Асирларнинг соғлом ва бақувватлари Самарқанд, Дабусия ва бошқа шаҳарларни қамал қилишдаги оғир ишларни бажарадиган отрядларга олинди. Мўғуллар Бухородан Самарқандга босқинга қаршилик кўрсатиш маркази сари юрдилар. Чамаси мўғулларнинг асосий қисми чап қирғоқ бўйлаб Самарқандга йўл олишган. Фақат Дабусия шаҳригина мўғулларга қаршилик кўрсатди”, дея қайд этилган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Қонуни Маъсудий” асарида ҳам Сўғд давлатининг Дабусия шаҳри географик координаталари кўрсатилган. Мирзо Улуғбекнинг “Турт улус тарихи” асарида Дабусия шаҳри ҳақида маълумотлар учрайди.

1973 йил А.М.Беленский, И.Б.Бентович, О.Г.Большаков томонидан Ленинградда чоп қилинган “Средневековый город Средней Азии” китобида Ўрта асрларда Сўғд давлатининг Дабусия шаҳри қайд этилган.

Қирғинбарот жангларни, шавкатли кунларни бошидан кечирган Дабусия шаҳри Қутайба ибн Муслим, Чингизхон, Мирзо Бобур ва Шайбонийхон каби лашкарбошилар ва ҳукмдорлар билан юзма-юз келган. XIII асрнинг бошида дабусияликлар катта сонли мўғулларга қарши жангга киришади. Мўғуллар шаҳарни ишғол қилиб, уни вайрон қилади. Шундан сўнг шаҳар ҳудуди торайиб, Дабусқалъа номини олди. Қалъада XX асрнинг 30-йилларигача ҳаёт қайнаган. Шаҳар работи 70 гектарни, шаҳристони 22-23 гектарни ташкил этган. Шаҳар ҳукмдорини Дабусшоҳ деб аташган. Шаҳар бир неча асрлар давомида вилоят маркази бўлган.

Ёдгорлик уч қисм - арк, шаҳристон ва работдан иборат бўлиб, арк ёдгорликнинг шимолий-ғарбий бурчагида жойлашган. Аркнинг шимолий қисмидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади, ғарбий қисми эса баланд мудофаа девори билан ўралган. Жанубий қисми шаҳристондан чуқур хандак орқали ажратилган. Арк билан шаҳристон шарқ томондан бир-бирига туташган.

Шаҳарнинг иккинчи қисми - шаҳристон аркни шимол, шарқ ва жануб томонлардан тўлалигича ўраб туради ва унинг ўзи ҳам квадрат шаклга эга. Шаҳристоннинг умумий майдони 23 гектар бўлиб, маҳобатли мудофаа деворлари билан ҳимояланган. Деворларида олиб борилган тадқиқотларда унинг ичида кенг коридорлар борлиги аниқланган.

Шаҳарнинг учинчи қисми - работ шаҳристондан жанубга қараб чўзилган. Атрофи мудофаа деворлари билан ўралганми, йўқми, ҳозирча номаълум. Шаҳристон мудофаа деворининг бир парчаси шаҳарчанинг жануби-ғарбий қисмида сақланиб қолган.

Аркда ҳукмдор, шаҳристонда аслзодалар, мансабдорлар ва шаҳарликлар, савдогарлар истиқомат қилган. Работда эса ҳарбий баъзалар, ҳунармандларнинг устахоналари жойлашган. Афсуски, улар бугунги кунгача етиб келмаган. Фақат XVI асрда Абдуллахон 2 даврида қурилган, 1593-1594 йилларда вафот этган “Имом Баҳра ота” мақбараси сақланиб қолган.

2007 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Я.Ғуломов номли археологик тадқиқотлар институти билан япониялик олимлар ҳамкорликда Дабусияда қазишмалар олиб борди. Кенг кўламли қазишмалар натижасида шаҳарга бундан 2600 йил аввал асос солингани илмий жиҳатдан исботланди.

Бу эса шаҳарнинг Зарафшон воҳасида Самарқанддан кейинги иккинчи қадимий шаҳар эканлигини кўрсатади.

Ҳозир қалъадан нишон қолмаган, ҳудуд қабристонга айланган. Майдони 80 гектар атрофида бўлган ҳудуд Зарафшон дарёсига яқин жойлашган. Нарпай, Пахтачи ва Хатирчи туманларида яшовчи аҳоли яқин йилларгача Рамазон ва Қурбон ҳайитларида бу ерга йиғилиб намоз ўқишган, сайиллар ўтказганлар.

2021 йил 16 апрел куни Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари билан учрашувда Пахтачи тумани номини ўзгартириш бўйича таклиф киритиб, «Менга Пахтачи номли туман ёқмайди. Нимага у Пахтачи бўлиши керак? Бунинг тарихи йўқми? Кармана ва бошқа туманларнинг ўз тарихи бор. Тарихчилар туман тарихини ўрганиб, келажакда шошилмасдан, фурсатдан фойдаланиб номини ҳам ўзимизга муносиб қилиб қўяйлик. Нима, биз пахтачи бўлиб ўтиб кетаверамизми?» деганди.

Пахтачи тумани 1935 йил 9 февралда Нарпай тумани ҳудудининг бир қисмида Пахтакор тумани номи билан ташкил қилинган. 1963 йилда яна Нарпай туманига қўшилган. 1973 йил 12 апрелда Пахтачи тумани номи билан яна алоҳида туман сифатида ажратилган. Кейинчалик Жиззах вилоятида ҳам Пахтакор номли туман ташкил этилди. Бир номли туманлар бўлмаслиги учун Нарпайдан ажратилган туман Пахтачи деб номланди. Бу ном бугун маънан эскирди, қолаверса, Пахтачи тарихий маънони ҳам ифодаламайди.

“Ҳудуд манғитлардан бўлган Бухоро амири Амир Ҳайдар ибн Шоҳмурод давридан (1800-1826) бошлаб Зиёвуддин беклиги дейилган. Мазкур бекликнинг қароргоҳи Дабусия шаҳри ичида бўлган. Жойнинг текисланиб қабристонга айлантирилган, ундан бир неча метр деворчагина қолган, холос”, дейди профессор З.Муқимов “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” китобида.

Ҳудуд Пахтачи деб аталишидан олдин 200 йил Зиёвуддин номи билан қўлланилган, ундан олдин эса камида 2000 йил Дабусия деб номланган. Ҳукумат порталида https://gov.uz/oz/paxtachi/survey иккита ном таклифи билан “Зиёвуддин” ва “Дабусқалъа” номлари овозга қўйилган.

Шундай экан, ҳудуднинг асл тарихини тўғри ифодалаш, маҳаллий аҳоли қалбида ғурур ва фахрланиш ҳис-туйғуларини шакллантириш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва кўпроқ зиёратчиларни жалб этиш, қадимий шаҳар тарихини илмий ўрганишга давлат томонидан кенг эътибор қаратиш учун ўз даврининг катта шаҳри, вилоят маркази бўлган бу масканни тарихий манбаларда кўрсатилган атама - Дабусия деб номлаш мақсадга муносиб.

“Қалъа” сўзи тор маънода ифодаланади ва арк, шаҳристон, работ қисмларидан иборат қадимий шаҳар ҳақида нотўғри тасаввурни уйғотади. Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ҳудудида сон-саноқсиз қалъалар бўлган. Бироқ Дабусия каби шаҳарлар бармоқ билан санарли эди.

Қолаверса, маҳаллий аҳоли ҳозиргача бу масканни Дабусқалъа эмас, Дабусия деб атаб келмоқда.

Президентимиз шошилмасдан, ҳудуд тарихини ўрганиб, муносиб ном қўйялик деган бўлса-да, тарихчи ва археолог олимлардан хулоса ва таклифлар олиндими? Бу ерда археологик қазишма ишларини олиб борган археология олим А.Бердимуродов, профессор З.Муқимов, “Зиёвуддин тарихи” асари муаллифи И.Санаевлардан нега таклиф сўралмаяпти?

Жумладан, А.Бердимуродов “Зарафшон” газетасининг 03.12.2009 йилдаги 146-сонида “Дабусия шаҳар бўлган” сарлавҳали мақолада қўйидагиларни айтади: “Мўғуллар 1220 йилда Дабусияни катта қийинчиликлар билан ишғол этадилар. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг мард ўғли Жалолиддин Мангуберди томонидан Дабусияда қурилган мустаҳкам мудофаа деворларини аёвсиз бузиб ташлашди. Шаҳар бойлиги аёвсиз таланди, энди у иморатларсиз бир қалъага айланиб қолганди. Дабусия шаҳри орадан анча йил ўтиб, 1722 йилда Аштархонийлар томонидан босқинчиликка учради. Ражаб Муҳаммад Султон Самарқандни босиб олгач, буюк саркарда Амир Темурнинг Кўктошида тантанали равишда ўтириш маросимини ўтказади. Шундан сўнг Дабусияни ҳам истило қилади, душман шаҳарни аёвсиз талайди, эркакларни қул қилиб олиб кетади, хотин-халажларни чўрига айлантиради. 1753 йилнинг март ойида Дабусия устига яна бир юриш уюштирилди. Бухоро амири Абулфайзхонни маҳв этиб тахтни эгаллаган Муҳаммад Раҳимхон Дабусияни бутунлай вайрон этишгача борди. Амир қолдирган лашкарлар зулмидан азият чеккан аҳолининг катта қисми шаҳарни аста-секин тарк эта бошлайди. Шу тариқа шаҳар харобага айланиб боради. 19 асрга келиб Дабусия шаҳри ўрнида Зиёвуддин беклиги ташкил этилади. Бек ўзи учун янги қўрғон қуриб олгач, Дабусияга бўлган эътибор сусайди”.

Маҳаллий аҳоли Мустақилликдан кейинги 35 йил мобайнида жой номларини ифодалашда собиқ колхоз номларидан ҳозиргача фойдаланади. Масалан, кўпчилик ҳалиям “Калинин”, “Киров”, “Маркс”, дейди, Ўша ердаги маҳалла номини айтмайди. Киракашларнинг автоуловида ҳам “Зиадин-Охун”, “Зиадин-Калинин” каби номларни учратасиз. Чунки ҳозирги номини ёзса, халқ тушунмайди.

Собиқ иттифоқ давридан бери Зиёвуддин шаҳарчаси номини тўлиқ айтмай, “Зиадин” деб қўллаб келаётган халқ “Зиёвуддин тумани” номини қабул қилади, деб ўйлайсизми? Қисқароқ, жарангдор, тарихий ном - бу Дабусия.

Дабусия номи руслар босқинидан анча олдин қўлланилган.

Қорақалпоғистонда ҳам Элликқалъа тумани бор. Қорақалпоғистонда қалъа бўлгандир, сақланиб қолганми, йўқми, билмайман. Лекин Дабусия шаҳар бўлган, қалъа эмас.

Яхшибой ҲУСАНОВ.