Пайариқ тумани ҳокимлигидан “Райхона Шарқ” МЖЧ фойдасига қарийб 316 миллион сўм ундирилди
Бу Пайариқ тумани адлия бўлимига тумандаги Челак шаҳарчасида яшовчи Жўрабек Ваҳобовнинг аризаси асосида амалга оширилди. Негаки, мурожаатчи унга тегишли “Райхона Шарқ” МЧЖга етказилган зарарни ва олиб қўйилган ер майдони ўрнига муносиб ер майдони ажратишда амалий ёрдам сўраган.
Аниқланишича, Пайариқ тумани ҳокимлиги томонидан 2017 йил 9 июнда Чоштепа маҳалласида жойлашган “Мева-сабзавотни қайта ишлаш заводи” биноси бузилиши тўғрисида мулкдорга огоҳлантириш хати берилган.
“Райхона Шарқ” МЖЧ 2016 йил 26 сентябрда Ипотека кредити расмийлаштириши зарурати “Samarqand Hamkor Baho” МЖЧ билан тузилган 036/09-сонли шартномаси асосида юқоридаги манзилда жойлашган мева-сабзавотни қайта ишлаш заводини баҳолатган. Шу пайтда мулк 315 миллион 520 минг сўмга баҳоланган.
Пайариқ тумани ҳокимлигининг 2019 йил 5 сентябрда берган маълумотига кўра, “Райхона Шарқ” МЖЧ балансида бўлган “Мева сабзавотни қайта ишлаш заводи” биноси бузилиши натижасида етказилган зарар учун 2017-2019 йиллар давомида компенсация тўловлари амалга оширилмаган.
Юқоридагиларга асосан “Райхона Шарқ” МЖЧнинг қонуний манфаатларини кўзлаб, туман адлия бўлими Пайариқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди. Натижада, суднинг ҳал қилув қарори билан Пайариқ тумани ҳокимлигидан даъвогар “Райхона Шарқ” МЖЧ фойдасига 315 миллион 520 минг сўм етказилган зарарнинг ундирилиши таъминланди.
Ҳайдарали НОРБЕКОВ,
Пайариқ тумани адлия бўлими катта маслаҳатчиси.