Пайариқда 88,1 миллион сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пайариқ тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги қалбаки алкоголь маҳсулотлари аниқланди.
Тадбирда “М.А.” оилавий корхонаси раҳбари Ф.М. Пайариқ туманининг Қумчуқ маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо дўконида умумий қиймати 88,1 миллион сўм бўлган 30 турдаги 2005 дона қалбаки акциз маркаси ёпиштирилган алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйгани фош этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ҳамда 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.