Пайариқдаги оғуфурушнинг иши судга оширилди
Жорий йилнинг 28 апрель куни соат 11:30 да Пайариқ тумани ИИБ ходимлари томонидан Каттасайдов МФЙ Фармонқул қишлоғида яшовчи 54 ёшли Р.Б.нинг яшаш ҳовлисини кўздан кечириши давомида унинг томорқасининг 180 метр квадрат ер майдонида 3762 туп “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимлиги, ётоқхонасидаги дераза токчасидаги гултувакда етиштириб келаётган 5 туп «кўкнори» гиёҳвандлик ўсимлиги борлиги аниқланиб, ушбу аниқланган ўсимликлар холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Шунингдек, шу куни Р.Б.нинг ошхонаси кўздан кечирилганда, шкаф устида ёйилган ҳолатда бўлган 11,7 грамм «кўкнор» гиёҳвандлик ўсимлигининг қуруқ ҳолдаги барглари борлиги аникланиб, тегишли тартибда хужжатлаштирилиб олинган.
Бундан ташкари, Р.Б.нинг оғилхонасидаги симга илинган ҳолатда турган целлофан пакет ичида ва ертўласидан елим баклашка ичида бўлган 519,5 грамм “кўкнори” гиёҳвандлик ўсимлигининг уруғлари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича Р.Б. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва у билан бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Р.Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми (тақиқланган экинларни етиштириш), 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) ва 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд) билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, ўрнатилган тартибда тегишли судловга юборилган.