Пайариқлик моҳир раҳбар, меҳнат фахрийси Ўроқхон Жамолов вафот этди
Узоқ йиллар раҳбарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, фидойилик кўрсатган инсон, меҳнат фахрийси Ўроқхон Жамолов 1 май куни 91 ёшида вафот этди.
Ўроқхон Жамолов 1930 йил 9 май куни Пайариқ тумани Тўполос қишлоғида туғилди.
Ўрта мактабда таҳсил олгач, аввал Самарқанд молия техникумини, сўнгра Тошкент халқ хўжалиги институтини бухгалтер-иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлади.
1953 йилда илк иш фаолиятини Қашқадарё вилояти Мироқи туманида Халқ банки бош ҳисобчиси лавозимидан бошлади. У ерда тўрт йил ишлаб, ўзи туғилиб ўсган Пайариқ туманига келди ва 1966 йилгача туман партия қўмитасида бўлим бошлиғи, райкомнинг иккинчи секретари бўлиб фаолият юритди. Бу йиллар давомида ҳалол меҳнати билан элда обрў орттирди, ўз даврининг моҳир ва тажрибали раҳбари сифатида танилди.
Ў.Жамолов 1966-1973 йилларда Хатирчи тумани райкоми биринчи секретари, сўнгра Пайариқ туманидаги Пайариқ совхози директори бўлиб ишлаган пайтида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни баҳоли қудрат ҳал қилди, одамларнинг яхши турмуш кечириши учун зарур шароитларни яратди. Самарқанд вилоят ўрмон хўжалиги бошлиғи бўлиб ишлаган пайтларида ҳам бундай эзгу ишларини амалга оширишни канда қилмади.
Ўроқхон Жамолов нафақага чиққач ҳам бекор ўтирмади. Ўн йил давомида Самарқанд шаҳар “Боғи Темур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида фаолият юритди.
Халққа қилган хизматлари туфайли "Ҳурмат белгиси", "Меҳнат шуҳрати" орденлари, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10, 15, 20 йиллиги эсдалик нишонлари билан тақдирланди, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвонига сазовор бўлди. 6 ўғил, 1 қизни оқил, тарбияли этиб вояга етказди.
Ажойиб инсон, моҳир раҳбар Ўроқхон Жамоловнинг ёрқин хотираси кенг жамоатчилик, фарзандлари ва дўстлари қалбида абадий яшайди.
Нуронийлар жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими.