Пайариқликлар нега электр тармоқлари корхонасидан норози?
Пайариқ туманида аҳоли хонадонларини электр энергияси билан таъминлашда кўп муаммолар мавжудлиги бир неча бор танқид қилинди. Бу камчиликларни бартараф этиш мақсадида ўтган йили 9 миллиард сўмга яқин бюджет маблағи ажратилди. Аммо...
Вазиятни ўрганиш учун туман электр тармоқлари корхонасида бўлганимизда, аҳолини электр билан таъминловчи мазкур идоранинг ўзида электр токи йўқ экан. Хоналар иситилмаган, ишчиларга ҳам зарур шароит яратилмаган. 10-15 чоғли фуқаролар «свет» ёнишини кутиб, совуқда ҳовлида тўпланиб туришган экан. Ўтган асрда қурилган бинода на ходимлар, на мурожаатчилар учун шароит бор. Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан, маблағ ажратилгач, энди таъмирлаш ишлари бошланаётганлиги кўриниб турибди. Навбатчи диспетчерлик хонасида ҳам ўтириб бўлмайди. Хонадаги печь яқин орада ёқилмаган, чунки бу ердаги табиий газ қувури узиб ташланган.
Бугунги кунда туманда 55 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларининг 52 мингдан зиёди аҳоли хонадонлари бўлса, 3 мингдан зиёди улгуржи истеъмолчилар ҳисобланади. Туман бўйича 2100 километр узунликдаги турли кучланишдаги электр тармоқлари тортилган бўлиб, 1080 та трансформатор ишлаб турибди. Ўтган йили инвестиция маблағлари ҳисобидан 50 та трансформатор ҳамда 1800 тадан ортиқ темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 72 километр юқори ва паст кучланишли янги тармоқ тортилди. Бироқ мавжуд 45 мингдан зиёд электр тармоқлари устунларининг 28 мингтасини ёғоч устунлар ташкил этади. Корхонада битта устун кўмадиган махсус трактор ва авария бригадалари учун иккита «Дамас» русумли машина (унинг ҳам биттаси носоз)дан бошқа техника йўқ.
- Ўтган йили вилоят ҳокимининг ташаббуси билан маҳалламизга электр тармоқларини, трансформаторларни янгилаш, симёғочларни алмаштириш ишлари бошланган эди, - дейди Накурт маҳалласида яшовчи Нурмат Рустамов. - Ўнга яқин янги трансформатор, темир-бетон устунлари олиб келиниб, алмисоқдан қолган юзтадан зиёд ёғоч устун алмаштирилди. Аммо, кузга бориб иш тўхтади. Мутасаддилар ҳали техникани, ҳали ёқилғини баҳона қилишади. Келаси йил амалга оширамиз, дея ваъда беришди. Бироқ, мана, ҳалигача ўзгариш бўлгани йўқ.
- Ўтган йили Накурт, Кўлтўсин, Ғаллакор маҳаллаларига темир-бетон устунлар ўрнатишда қийинчиликларга дуч келган эдик, - дейди туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Неъматилла Галабоев. – Эски симёғочларни алмаштириш учун 854 та темир-бетон устун олиб келдик. Қўшни тумандан битта ковловчи трактор беришганди. Иккита трактор билан 526 тасини ўрнатишга улгурдик, қолгани қолиб кетди. Шунингдек, яна ўнлаб маҳаллаларда алмаштирилиши лозим бўлган симёғочлар бор. Уларни ҳам жорий йилда янгилаш кўзда тутилган.
Уймовут маҳалласи Равот қишлоғининг Янги ҳаёт кўчасида яшовчи И.Темировнинг таҳририятимизга мурожаатига кўра электр тармоқларидаги узилишлар, ёғингарчиликлар туфайли қўлбола симёғочлар йиқилиши оқибатида бир неча марта кўнгилсиз ҳолатлар юз берган. Бундан корхона мутасаддиларининг хабари бор-йўқлигини сўрадик.
- Бу муаммо менга маълум, - дейди корхона раҳбари. - Улар бир неча йиллардан буён электр тақчиллиги муаммоси билан яшаб келади. Мазкур кўчадаги 30 та хонадон эгалари электр токини талабга жавоб бермайдиган ёғоч устунлар орқали тортиб келишган. Улар устунларни алмаштириб беришимизни сўраб 2022 йилда ҳам мурожаат қилишган эди. Бироқ, имкониятдан келиб чиқиб жорий йилда симёғочларни темир-бетон устунларга алмаштирилишини айтган эдик. Бу режамизда бор, фақат бизга вақт керак.
2022 йил давомида электр энергиясидаги муаммолар бўйича туман аҳолисидан 2300 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 25 фоизи ҳал этилмаган.
- Жорий йилнинг январь ойида 81 та мурожаат қабул қилинган, - дейди корхонанинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими мутахассиси Зумрад Набиева. - Ушбу мурожаатчиларнинг 70 фоизи хонадонида электр энергиясининг ўчиб туришидан шикоят қилган.
Унинг қўлидаги мурожаатларнинг қабул қилиш дафтарида фақат Президент администрацияси, вилоят ҳокимлиги ва туман қабулхонасига келган мурожаатлар қайд қилинган экан. Корхонага тўғридан-тўғри мурожаатлар қайд қилинган дафтарни кўришнинг иложи бўлмади.
- Айни вақтда барча маҳаллаларда электр таъминотига чеклов ўрнатилган бўлиб, бир суткада 6 соатдан кўп ўчирилмайди. - дейди Н.Галабоев. – Чеклов борасида тоғли ҳудудда жойлашган Накурт, Ғаллакор, Кўлтўсин, шунингдек, корхонамизнинг Челак бўлими ҳудудида жойлашган Бунёдкор, Қумчуқ, Дўстларобод, Бошқўрғон каби ўндан зиёд маҳаллаларда яшовчи аҳоли мурожаат қилишади. Кунлар исимаса, бу масалани ҳал қилиш имконияти йўқ. Совуқда кўпчилик турли қўлбола электр иситкич ва кондиционерларни ишлатган вақтда электр таъминотида юкламалар кўпайиб кетади. Натижада аварияларнинг олдини олиш мақсадида чеклов ўрнатишга тўғри келади.
Раҳбар корхонанинг ўзида ҳам «свет» ўчиб қолганлигини учта туман ошиб келаётган юқори кучланишли тармоқда электр йўқлиги билан изоҳлади.
Туманда аҳолининг электр энергиясидан дебитор қарздорлиги 14 миллиард сўмни, улгуржи истеъмолчиларники 7 миллиард сўмни ташкил этади. Туманда хонадонларга АСКУЭ «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари ҳам якунига етказилмаган. Айни пайтда 600 нафардан зиёд истеъмолчининг хонадони, ҳар бирининг 5-6 миллион сўмдан қарзи бўлганлиги сабабли тармоқдан ўчирилган. Бироқ уларнинг аксарияти ноқонуний тарзда улаб олганликлари туфайли далолатнома тузиб, судга берилган.
- Айрим истеъмолчилар борки, ўн йиллар мобайнида электр энергияси учун пул тўламай келади, - дейди корхона ҳуқуқшуноси Бобур Муҳиддинов. - Ўтган йили 25 нафар фуқарога нисбатан далолатнома тузилиб, суд органларига ўтказдик. Уларга жами 44 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилган. Шунингдек, 92 та улгуржи истеъмолчининг давлатдан 1 миллиард 768 миллион сўм қарзини ундириш учун туман судининг қарори чиққан.
Улар орасида ноқонуний тарзда тармоққа уланиб олганлари ҳам талайгина. Жумладан, «Саид Исломхон айланма даласи» фермер хўжалигининг 19 миллион 800 минг сўм, «Ислом Хайруллаев даласи» фермер хўжалиги ва «Давлатбек кўзмунчоғи» мактабгача таълим муассасасининг 35 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд.
Навбатчи диспетчерлик хонасидаги қайдлар дафтарини кўздан кечирганимизда 1 февраль куни соат 12:00 гача 4 та қўнғироқ қабул қилинган экан. Бир чақириқда Дўстлик маҳалласи Ингичка қишлоғидаги трансформатор ишдан чиққанлиги хабар қилинган. Бироқ, хизмат машинаси йўқлиги сабабли тезкор авария бригадаси ўз вақтида боролмаган. Охири шу маҳаллада яшовчи оқсоқол келиб, ходимларни ўз машинасида олиб кетибди.
Хуллас, йиғилишларда нима учун Пайариқ туманида электр энергия таъминотидаги камчиликлар танқид қилиниши сабаби ойдинлашгандек бўлди. Соҳага бўлган эътиборсизлик ва совуққонлик аҳолининг норозилигига олиб келади. Аҳоли хонадонлари электр энергияси билан таъминланмас экан, пайариқликларнинг кайфияти яхшиланмайди. Бу эса вилоят ва туман электр тармоқлари идоралари мутасаддилари ва туман ҳокимлиги учун сигнал бўлиши керак.
Дилмурод Тўхтаев.